Ссылки доступа

Назарбоевнинг фикрича, «Путин Украинанинг бир парчасини эгаллаб олиш ниятида эмас»


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Россиянинг давлатга тегишли «Россия 24» каналига интервью берар экан, россиялик ҳамкасби Владимир Путиннинг Украинани «эгаллаб олиш истаги» йўқлигини айтди.

«Мен биламан, Путиннинг, Россиянинг Украина шарқидаги бир парча ерни эгаллаб олиш нияти йўқ. Нима учун? Чунки жаҳонда энг катта ҳудуд Россияга тегишли», - дейди Назарбоев 7 декабрь жума куни эфирга берилган интервьюсида. У шунингдек, «Украина учун қайғураётганини» ҳамда «Россия ва Украина ўртасидаги аввалги муносабатлар қайта тикланишини истаётганлигини» таъкидлаб ўтди.

Москва ва Киев ўртасидаги муносабатлар 2014 йилда, Россия март ойида Қримни аннексия қилганидан кейин кескинлашиб кетди. Бу ҳодиса мамлакатнинг евроинтеграциясининг қўллаб-қувватлаб ўтказилган оммавий норозилик намойишлари туфайли Украинанинг Россияпараст президенти Виктор Янукович қудратдан ағдарилганидан сўнг юз берди. Украина яриморолининг эгаллаб олиниши ва Украина шарқида (бу ерда 2014 йил апрелидан бери Киев кучлари ва ўзини айирмачи деб эълон қилган бирлашмалар ўртасида юзага келган қуролли низолар туфайли 10 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлди) айирмачиларни Россия томонидан қўллаб-қувватлагани боис Ғарб Москвага нисбатан санкциялар қўллади.

Қозоғистон президенти Россия телеканалига берган интервьюсида Москвага жорий қилинган санкциявий босимлар акс самара беришини таъкидлади. «Ҳозир Ғарб томонидан бўлаётган санкциялар шароитида... Россия халқи ҳамиша бўлгани каби куч тўплаган ҳолда бирлашди ва олға интилмоқда. Бу бизга ҳам фойдали бўлмоқда, биз Россияга кўпроқ ўз қишлоқ хўжалик маҳсулотларимизни етказиб бераяпмиз, савдо алоқаларимиз ўсмоқда», - деди Назарбоев, ҳамда Қозоғистон-Россия муносабатларини «эталон» сифатида баҳолади.

Расмий Остона Қримни Россиянинг бир бўлаги сифатида тан олмаган. Қозоғистон Украина билан дипломатик, иқтисодий ва маданий алоқалар ўрнатган, шу билан бирга Россиянинг кўп йиллик ва яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Қозоғистон Россия катта куч бўлган бирлашмалар - Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо.

XS
SM
MD
LG