Ссылки доступа

Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Зилалиев икки ойга қамоққа олинди


Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Дуйшенбек Зилалиев янги жиноий иш доирасида ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг адвокати Учқун Каримов маълум қилди.

Суд эҳтиёт чораси сифатида бош вазир ўринбосари Дуйшенбек Зилалиевни ҳибсга олишга қарор қилди. Унинг адвокати Учқун Каримовнинг айтишича, Зилалиев икки ой муддатга МХДҚ СИЗОсига жойлаштирилди. Ҳимоячининг айтишича, ҳозирча суд қарори устидан шаҳар судига шикоят қилиш масаласи кўриб чиқилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Зилалиевга нисбатан ЖКнинг 308-1 моддаси (ноқонуний бойиш) бўйича айб қўйилган. Тергов версиясига кўра, у ўз мулкининг бир қисмини декларацияда кўрсатмаган.

Зилалиев ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилади. 9 декабрь куни суд залидан чиқар экан, у журналистларга баёнот бериб, мол-мулкини яширмаганлигини айтди ва тез орада ОАВ ҳужжатлар билан танишиш имкониятига эга бўлишини таъкидлади.

Дуйшенбек Зилалиев Геология ва ер ости бойликлари Давлат агентлигига раҳбарлик қилганида конлардан фойдаланиш учун қонунга зид равишда лицензия берганликда гумон қилинмоқда.

2017 йил 27 ноябрида президент Сооронбай Жээнбековнинг инаугурация маросимидан кейин Дуйшенбек Зилалиевга нисбатан Қирғизистон Жиноят Кодексининг 228 - моддаси («Террорчилик акти бўйича била туриб ёлғон маълумот бериш») бўйича жиноий иш очилган эди. 2018 йилнинг октябрида суд уни шартли равишда уч йил озодликдан маҳрум қилди.

2010 йилдан Дуйшенбек Зилалиев бир нечта маъсул лавозимларда ишлаган. Жумладан, Мудофаа Кенгаши котибининг ўринбосари, Давлат геология ва минерал ресурслар Давлат агентлиги директори, Бош вазир ўринбосари, Давлат мулк бошқармаси жамғармасининг директори бўлиб ишлаган.

XS
SM
MD
LG