«Биз ҳозирча Саиджоннинг қариндошларини топа олмадик. Биз марҳумнинг яқин қариндошларини топишда ёрдам сўраб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва дипломатларга мурожаат қилдик. Бу асосий масалани - марҳумни шу ерда дафн қилиш ёки юртига жўнатиш билан боғлиқ масалани ҳал қилиш учун керак», – дейди Волгограддаги тожиклар жамияти раҳбари Саидаҳмад Маҳмадов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Волгограднинг Ленинск туманида «Бахтияровка» қишлоғидаги фермада даҳшатли қотиллик юз бергани ҳақида маълум қилинган эди. 3 ноябрь куни кечқурун икки нафар мигрант ўртасида муштлашув юз берди. Эртаси куни эрталаб можаро яна жанжалга айланиб кетди.
Саидаҳмад Маҳмадовнинг айтишича, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган 36 ёшли шахс можаро вақтида 51-ёшли Саиджон Холёровга пичоқ санчган. «Қотилликдан сўнг у жиноят изларни яширишга уринган – марҳумнинг калласини кесиб олган ва печкага ташлаган, жасадни эса молхонага олиб борган ва пичанлар орасига яширган».
РФ Тергов Қўмитасининг Волгоград вилояти бўйича Тергов қўмитасининг Среднеахтубинск туман тергов бўлими бошлиғи Евгений Выстропов маҳаллий ОАВга маълум қилишича, ўша куни кечқурун ўзбекистонлик муҳожир юз берган ҳодисани шеригига айтиб берган ва бу маълумотни сир сақлашини сўраган, бироқ шериги ўша заҳотиёқ чорвачилик хўжалиги хўжайини ва ҳуқуқ тартибот идораларига маълум қилган.
«Гумондор ҳодиса жойига оператив тергов гуруҳи етиб келиши билан ушланди. Қотилнинг руҳий ҳолати борасида бир қатор шубҳалар мавжуд, чунки у марҳумнинг бошини печкага ташлашини изоҳлар экан, марҳум ундан кўзини узмаганлигини айтди, мана шу ҳолат унинг асабига таъсир қилган», – дея хабар берди Евгений Выстропов. Хабарларга кўра, ҳибсга олинган шахс Россия фуқароси ҳисобланади. У айбига иқрор бўлди.
«Саиджон Холёров икки ҳафта аввал «Бахтияровка»га келган эди. Бундан аввал у 7 ой бошқа жойда чўпон бўлиб ишлаган. Унинг барча ҳужжатлари жойида эди», – дейди Маҳмадов. Айни дамда Холёровнинг жасади Волгоград шаҳрининг Ленинск туман моргида.
«Бизга маълум бўлишича, унинг ўғли ҳам пул топиш мақсадида Россияда ишламоқда. Фожиадан бир ҳафта муқаддам у барча пулларни ўғлига жўтатган», дейди Маҳмадов.