Ссылки доступа

Қирғизистонда қизни шов-шувли ўлдирганликда айбланувчига 23 йил қамоқ жазоси берилиши сўралмоқда


Бишкекдаги Свердлов туман судида Бурулай Турдаали қизининг ўлдирилиши иши бўйича 10 декабрь куни томонларнинг эшитувлари бўлиб ўтди.

Асосий айбланувчи Марс Бодошев учун прокурор 23 йил қаттиқ режимли қамоқ жазоси берилишини сўрамоқда. Давлат айблови иккита айб - Бурулайнинг ўғирланиши ва уни ўлдириши бўйича Бодошевнинг айби исботланганини айтмоқда. Қизни ўғирлашда иштирок этган Акмат Сейитов учун прокурор 7 йил қамоқ жазоси берилишини сўради.

Бурулай Турдаали қизининг қотиллигида айбланувчиларнинг адвокати Жуматай Абдраҳманов баёнот бериб, Марс Бодошев ва Акмат Сейитовларнинг айби исботланмаганини таъкидлади ва уларнинг оқланишини сўради. Абдраҳмановнинг сўзларига қараганда, қотилликни содир этишда Бодошевнинг иштирокини исботловчи тўғридан тўғри далиллар йўқ. Барча айбловлар тахминлар асосида бўлиб, ҳар бир шубҳалар судланувчиларнинг фойдасига бўлмоқда, дейди адвокат.

Ҳимоячининг фикрича, Марс Бодошев ва Бурулай Турдаали қизи ўзаро келишишган ва қизни ўғирлаш факти бўлмаган. Адвокат шунингдек, қизни Бодошев ўлдирганига шубҳа қилишини айтди, чунки гувоҳлар бўлмаган ва видеоёзувлар ҳам йўқ.

Судлангувчилардан бирининг адвокати иштирок этмагани боис суд жараёни 11 декабрь куни давом этади.

2018 йил 27 май куни Чуй вилоятининг Жайил ички ишлар бўлими биносида тиббиёт коллежининг талабаси 20 ёшли Бурулай Турдаали қизи ўлдирилди. Қотилликда никоҳга олиш мақсадида қизни ўғирлаб кетган Марс Бодошев гумон қилинмоқда. Милиция бўлимида қизни ўлдириш даражасида жароҳатлаган йигит кейинроқ ўзига ҳам жароҳат етказди.

Юз берган ҳодиса жамиятда катта шов-шувларга сабаб бўлди, президент Сооронбай Жээнбеков ҳукуматга қотилликни диққат билан тергов қилишни топширди.

Суд ўриндиғида икки киши ўтирибди. Асосий айбланувчи сифатида қизни олиб қочган ва ўлдирган Марс Бодошев кўрилмоқда. Унинг синфдоши Акмат Сейитов қизни ўғирлашда иштирок этганликда айбланмоқда. 9 октябрь куни суд мажлисида Бодошов Бурулай Турдаали қизини ўғирлаганини тан олди, бироқ қизни ўлдиргани борасидаги айбни тан олмаяпти.

XS
SM
MD
LG