Ссылки доступа

Бухоролик тадбиркорларнинг прокурор ва ҳоким билан учрашуви норозилик акциясига айланди (видео)


10 декабрь тонгда 100 нафарга яқин тадбиркор, қарийб икки йилдан бери давом этаëтган алдов ва ëлғонларга чек қўйишни сўраб, Бухоро вилоят прокурори олдига борди.

Арзчиларнинг айтишича¸ 2017 йил бошида шаҳар марказидаги “Дилкушо” бозори бузилиши бошланганида ҳокимият вакиллари томонидан берилган ваъдаларнинг бирортаси бажарилмагани тадбиркорлар тоқатини тоқ қилган.

Тадбиркорлар прокуратура тизимидан бу жараëнда маҳаллий ҳокимлар томонидан давом этаëтган қонунсизликка барҳам беришни сўрамоқда.

Ўтган йил бошида Бухоро марказидаги “Дилкушо” бозори маҳаллий ҳокимият қарори билан бузилганидан бери ишсиз ва киримсиз қолган 600 дан ошиқ тадбиркордан 100 нафарга яқини 10 декабрь куни Бухоро вилоят прокуратураси биносида вилоят прокурори Баҳриддин Валиев ва шаҳар ҳокими Карим Камолов билан учрашди.

Бухоролик тадбиркорлар вакиллари Ўзбекистон Бош прокуратурасининг тадбиркорлик субъектлари ҳимоясини таъминлашга масъул мулозимларига арз қилиб борганидан сўнг¸ ўтган ҳафта Бош прокуратура вакили Ëқубжон Ўктамов Бухорога келиб¸ маҳаллий мулозимлар билан вазиятни муҳокама қилиб кетган.

Душанба¸ 10 декабрь куни 100 га яқин тадбиркор вилоят прокуроридан бу муҳокамалар сўнггида ўз муаммоларига қандай ечим топилганини аниқлаб олиш учун келган.

“Биз¸ асосан аëллар қарийб икки йилдан бери 600 дан ошиқ тадбиркорнинг ҳокимлик расмийлари томонидан алдаб келинганини айтдик. Бозор бузилиши олдидан бизга қуриладиган янги супермаркетдаги дўконларнинг 50 фоиз арзонга ўзимизга сотилишини ваъда қилдилар. Кейин¸ янги бозордан жойни арендага берамиз дедилар. Кейин¸ бу ерда кўп қаватли дом қурилади¸ бошқа жойдан берамиз¸ дедилар. Икки йил бўлаяпти¸ ëш болани алдагандек алдаб келишаëтганидан ҳамманинг тоқати тоқ бўлди”¸ деди бу мажлисда бевосита қатнашган тадбиркорлардан бири шахси очиқланмаслигини сўраб.

Бухороликлар орасида “Критий бозор” номи билан танилган “Дилкушо” бозори бузилгунга қадар бу ерда дўкони бўлган тадбиркорлар 10 декабрь куни прокурор ва ҳокимдан бозор ҳудудида қурилаëтган уч қаватли янги савдо комплексидан ўзларига имтиëзли нархда дўкон берилишини талаб қилган.

Бухоролик тадбиркорлар¸ “Дилкушо” ҳудудидаги дўкондорларни қақшатаëтган Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевнинг ўзи экани¸ ҳоким улардан тортиб олинган ҳудудни ўз укасига олиб берганини иддао қилмоқда.

Бухоро шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари¸ Бухоро вилоят прокуратураси ва Бош прокуратура мулозимларидан 10 декабрь кунги йиғин бўйича бирор изоҳ олишга ҳозирча муваффақ бўла олмади.

XS
SM
MD
LG