Ссылки доступа

Фарғонада фойда кўрган фермерлардан бошқаларнинг кредитини ёпиш талаб қилинмоқда


Фарғона вилояти Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчивой Боййигитов пахта режасини бажариб, фойда билан чиққан фермерларни, банк кредитини ёполмаган фермерлар ҳисобига пул ўтказишга мажбур қилаётганини туман фермерлари иддао қилди.

Исми сир қолишини сўраган ёзёвонлик фермерлардан бирининг айтишича, ҳудудий ММТП(муқобил машина трактор парки) раҳбарлари пахта режасини бажарган фермерларга ҳокимнинг бу топшириғини етказган.

“Шундан сўнг ҳоким бизларни ўз қабулига чақириб, бирга-бир қабул қила бошлади. Бу қабулда сектор раҳбари бўлган Ёзёвон тумани ички ишлар бўлими раҳбари ҳам иштирок этди. Ҳоким, “энди кредитини ёполмаган фермерларга ёрдам қиласиз, олган фойдангиздан 10 фоизини кредитни ёполмаган фермерларга ўтказиб берасиз, Ёзёвон учун”, деди. “Ҳоким бува қайси фермерга деб сўрасам, бу ёғини ўзимиз ҳал қиламиз, сиз поручениега қўл қўйиб бераверинг. Йўқ, десангиз, янаги йил ҳам биз билан ишлайсиз, кўрингда”, деб босим ўтказяпти”, дейди фермер.

Фермер у ўтказиб берган пул янаги йил қайтариб бериладими ёки “масжидга садақа” бўлиб кетадими, бу ҳақда ҳоким ҳеч нарса демаганини айтди.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, тумандаги пахта режасини бажарган барча фермерга ҳоким шундай топшириқ берган. “Пўлат”, “Офарин”, “Ғойибназар”, “Фарқумқишлоқ” каби фермер хўжаликлари бир миллиондан 10 миллион сўмгача пул ўтказиб беришган. Энг қизиғи шундаки, фермерлар бу пул қайси фермер ҳисобига кетади, ёки бошқа ҳисобга кетадими, буни улар аниқ билмайди”, дейди фермер.

​Ёзёвон тумани фермерлар уюшмаси раиси Шарофиддин Исмонов фермерларнинг бу иддаоларини инкор қилди. "Йўқ, йўқ, нотўғри айтишибди. Ҳоким фермерларга имкониятинг бўлса бир жойдан бўлган, қўни-қўшнинг бўлган фермерга ёрдам бергин, бир йил ундай бўлади, бир йил бундай бўлади. Бир йилдан сўнг у сенга ёрдам бериши мумкин, деган. Мажбурлаш йўқ, бу ерда. Яна аниқлаштириб, эртага айтаман”, дейди Исмонов.

XS
SM
MD
LG