Ссылки доступа

Тошкентда "Шуҳрат Домбрабадский" ва унинг акаси устидан суд бошланди


10 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида халқ орасида "Шуҳрат Домбрабадский" номи билан танилган Шуҳратилла ва унинг акаси Шавкат Носировлар устидан суд жараёни бошланди.

Ака-укалар Жиноят кодексининг 145-, 165-, 227- ва 228-моддаларида кўзда тутилган - виждон эркинлигини бузиш, товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш каби қатор жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

8 июнда Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимларидан иборат махсус гуруҳ 61 яшар Шуҳратилла ва унинг 62 яшар акаси Шавкат Носировни Тошкентдаги уйидан олиб кетгани ҳақида аввал хабар қилинган эди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 10 декабрь куни жараён ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди.

"Суд раиси Зафар Нурматов тингловда қатнашаётганлардан суд жараёни ҳақида ҳеч кимга маълумот бермаслик ҳақида тилхат ёздириб олган", деди жараёндан огоҳ бўлган суд мулозимларидан бири.

Ака-ука Носировлар ҳибсга олинишидан сўнг "Ўзбекистон-24" телеканали улар ҳақида "Манманликнинг охирги бекати" номли ҳужжатли фильмни намойиш қилди. Фильмда даъво қилинишича, ака-ука Носировлар Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги "Носирхон" жомеъ масжидини "муқаддам ўз ҳисобларидан қурдирганликларини айтиб, уни ўзларнининг шахсий мулкига айлантиришга уринганлар".

"Хусусан, бу зўравонлар масжиднинг муҳр ва штампини ўзбошимчалик билан қўлга киритиб, муҳрда мавжуд бўлган O'zbekiston Musulmonlari Idorasi сўзларини олиб ташлаган ҳолда янги шаклни ясатишган ва масжид номидан иш кўриб келишган," дея таъкидланади ҳужжатли фильмда.

Шуҳрат Носиров маҳалладошларидан бирига кўра, ака-ука Носировларнинг ҳибсга олинишига уларга қарши Носировлар холаваччаси Баҳодир Шароповнинг ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилгани сабаб бўлган.

Шуҳрат Носиров¸ холаваччаси Баҳодир Шароповнинг Дўмбробод даҳасида жойлашган ҳовлисини сотиш режасидан ғазабга келган, ундан уй ҳужжатларини қайтариб олган.

"Шуҳрат Домбрабадский" икки йил аввал муддати тугагани боис қамоқдан озод қилинган эди. Тошкентликлар орасида "Шуҳрат Домбрабадский" номи билан танилган Шуҳратулла Носиров 90-йилларда "ўғирланган машиналарни топиб берадиган" авторитет сифатида танилган.

У 1993 йили Тошкент шаҳар суди тарафидан уюшган жиноятчиликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва икки "раскрутка" билан жами 23,5 йил қамоқда ўтирган.

XS
SM
MD
LG