Ссылки доступа

ТИВ: Хитой расмийлари икки мингдан ортиқ этник қозоқни мамлакатдан чиқиб кетишига рухсат берди


Икки мингдан ортиқ этник қозоқ Хитойдан Қозоғистонга чиқиб кетиши мумкин. Бу ҳақда 10 декабрь куни Остонада бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.

Бу ерда гап ҳам Хитой, ҳам Қозоғистон фуқаролиги бўлган этник қозоқлар ҳақида бормоқда.

- Хитой томони меҳр-шавқат сифатида икки мингдан ортиқ этник қозоқни Хитойдан чиқиб кетишига рухсат берди. Улар ҳибсга олинганлар, ёки чиқиб кетиши мумкин бўлмаган этник қозоқлар эмас, - дея изоҳ берди ТИВ вакили. Унинг сўзларига қараганда, вазирлик Хитой томони билан биргаликда Қозоғистонга келувчилар учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш ва улар қай тартибда қўш фуқароликни олганликларини ойдинлаштирмоқда.

Хитойда этник камчиликларга, жумладан қозоқларга босим ўтказилаётгани борасидаги хабарлар 2017 йилнинг апрель ойидан бери келмоқда. Хитойдан кўчиб келган қозоқлар бир неча бор Остонага мурожаат қилиб вазиятга аралашишни ва Хитойдаги қариндошларининг қамоқдан озод қилинишига ёрдам беришни сўраган.

Этник камчиликни «лагер»ларга жойлаштирилиши амалиёти ҳақида халқаро ташкилотлар ва жаҳон ОАВ ҳам баёнот бериб келади. Хитой расмийлари Шинжонда «лагерлар» мавжудлигини тан олади, аммо улар бу муассасаларни «касбий таълим марказлари» дея атайди ва бу марказларга ижобий тус беришга интилади. Ғарб мамлакатларининг хукуматлари этник камчиликка бўлган муносабатлари юзасидан Пекинни танқид қилиб келади.

XS
SM
MD
LG