Ссылки доступа

Ўзбекистонда мобил телефонлар мажбурий рўйхатга олинади


2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда мобил қурилмаларни IMEI кодлари бўйича мажбурий рўйхатга олиш бошланади. Рўйхатга олинмаган қурилмаларни мобил тармоқларга улаш тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, шу йўл орқали мобил аппаратлардан эгасини огоҳлантирмасдан ноқонуний фойдаланишнинг ва сифатсиз қурилмалар сотилишининг олдини олиш кўзланган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассисига кўра, мобил телефонни рўйхатдан ўтказиш пуллик бўлиш-бўлмаслиги ҳозирча номаълум.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 октябрдаги 847-сонли қарорига мувофиқ 1 апрелдан бошлаб, мамлакатдаги ҳар бир мобил қурилманинг IMEI коди рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Norma.uz ахборот-ҳуқуқий порталига кўра, IMEI кодлари рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмалардан фойдаланаётган абонентларга уяли алоқа хизматлари кўрсатиш тақиқланади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассисининг таъкидлашича, IMEI кодини рўйхатдан ўтказган шахс мобил телефони ўғирланган ёки йўқолган тақдирда уни топиш имконига эга бўлиши мумкин.

“Агар мобил қурилма ўғирланса, IMEI код орқали ўғирланган қурилмани топиш мумкин. Телефонини йўқотган шахс милиция бўлимига мурожаат қилса, улар ўз навбатида UZINFOCOMга чиқиб, телефоннинг IMEI коди орқали уни топиши мумкин. Яъни IMEI коди орқали телефоннинг манзили аниқланади. Бунда, албатта, сунъий йўлдош билан топишга ҳаракат қилинади”, дейди мутахассис.

Қўшни Қозоғистон ҳам жорий йил бошида мобил қурилмаларнинг IMEI кодини рўйхатга олишни бошлади. 2019 йил 1 январигача мобил қурилмасининг IMEI кодини рўйхатдан ўтказмаган қозоғистонлик алоқа тизимидан узиб қўйилади.

XS
SM
MD
LG