Ссылки доступа

TheDailyTelegraph: Британия жорий этажак санкциялар рўйхатида Алишер Усмонов ҳам бор


Британия разведкаси санкциялар жорий қилинадиган Кремлга яқин “олигархлар” рўйхатини тузганини эълон қилди. The Daily Telegraphга кўра, Британия ҳукумати Путин ва унинг режими билан бевосита боғлиқ экани айтилаётган олти бизнесмен, жумладан Алишер Усмоновга тадбиркорлик қилишга тўсқинлик қилади.

The Daily Telegraph газетаси, Британия ҳукуматидаги ўз манбасига таяниб, Кремлга яқин бўлган “рус олигархлари” рўйхати тузилганини очиқлади.

Мамлакат бош вазири Тереза Мэй томонидан тасдиқланган рўйхатда, жумладан, Алишер Усмонов, Роман Абрамович, Игорь Сечин, Олег Дерипаска, ака-ука Аркадий ва Борис Ротенберглар борлиги маълум қилинди.

Нашр келтирган маълумотга биноан, бу ҳужжат ҳукумат бўлимларига тарқатилиб, Буюк Британиянинг Европа ва Шимолий Америкадаги ҳамкор мамлакатлар ҳукуматларига ҳам тақдим этилади.

Британия ҳукуматидаги юқори лавозимли манба рўйхатдаги рус миллиардерларга нисбатан жорий этилаётган жазо чоралари “уларнинг маневр қилиши, Европа, Буюк Британия ва бошқа ҳар жойга келиб-кетишига имкониятларни чеклашга” қаратилганини билдирган. The Daily Telegraph суҳбатдоши рўйхатга “президент Владимир Путин билан ўта яқин профессионал ва молиявий муносабатларда қолаётган” шахслар туширилганини ҳам қўшимча қилди.

Кузатувчилар рўйхатга киритилган россиялик йирик тадбиркорларга нисбатан виза тақиғи, Британия ва унинг ҳамкорлари бўлган мамлакатларга боришга бўлган чекловлар ҳамда уларнинг Буюк Британиядаги молиявий активлари ва мулкларига бўлган чора-тадбирлар қўлланилиши тўғрисида гап кетаётганини таъкидламоқда.

Маълумки, Роман Абрамович ва Алишер Усмонов узоқ йиллар давомида “Челси” ва “Арсенал” футбол клублари эгалари сифатида танилган. 2018 йилнинг ёзида Алишер Усмонов “Арсенал”даги ўзининг 30 фоизли улушини америкалик бизнесмен Стэн Кронкка 550 миллион фунт стерлингга сотганди.

Жорий йилнинг ноябр охирларида Владимир Путин Forbes тадқиқотлари натижаларига кўра 12,5 миллиард доллар миқдорида бойликка эга бўлган Алишер Усмонов ва унинг рафиқаси Ирина Винер-Усмоновани “Юрт олдидаги хизматлари учун” орденлари билан тақдирлаган эди.

XS
SM
MD
LG