Ссылки доступа

Москвадаги меҳмонхона: Ўзбек ва тожикларга жой йўқ!


Москванинг Нахимовский проспектида жойлашган “2Hostel2” меҳмонхонаси ўзбек ва тожикларга жой бермаслигини маълум қилди. Ҳостел маъмурияти ўз қарорини “участковойнинг оғзаки буйруғи борлиги” билан изоҳлади.

«Ридус» интернет нашри мухбирлари 3 ўзбек мигрантини шу ҳостелга жойлаштиришга уринганини, лекин бу уринишдан иш чиқмаганини ёзди. Ҳостел бошқарувчиси журналистга бундай деган:

"Чунки уларни (ўзбекларни) регистрация қилиш керак. Улар бир суткага келса ҳам биз уларни қайдга олишимиз шарт, аммо ҳужжатлар 3 кун қилинади. Яъни уларнинг регистрацияси ҳақиқий саналмайди. Биз миграция департаментига бу одамлар аллақачон чиқиб кетганини хабар қиламиз. Улар чиқиб кетганидан кейин янги регистрация қилиши шарт", дея тушунтирди ҳостел бошқарувчиси.

“2Hostel2” меҳмонхонаси вакили ўзбек ва тожикларни жойлаштиришда участковой билан муаммолар юзага келишини билдирди.

"Шу йилнинг январидан участковой юриб, Тожикистон ва Ўзбекистон гражданларига жой бермасликни талаб қилмоқда. Шу сабабли ўзбекларингиз Москва вилоятида жойлашаверсин – у ерда уларга муносабат дурустроқ", деган “Ридус” журналистларига ҳостел администратори.

“2Hostel2” меҳмонхонаси фақат Ўзбекистон ва Тожикистон гражданларини қабул қилмаслигини билдирган. Бошқа постсовет мамлакатлари: Украина, Молдова, Арманистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон гражданлари бу ҳостел хизматидан фойдаланиши мумкин.

Нахимовский проспектидаги “2Hostel2”нинг (Ҳостел - арзон меҳмонхона) Интернетдаги расмий саҳифасида ҳақиқатан “Хостел не заселяет граждан Узбекистана и Таджикистана” деган ёзув турганини кўриш мумкин.

Озодлик муассасанинг кўрсатилган рақамлари бўйича қўнғироқ қилиб, вазиятга ойдинлик қиритишга уринди.

Аввалига 2 кишилик ва 6 кишилик хоналарда жой борлигини айтган меҳмонхона вакиласи, меҳмонлар ўзбекистонлик эканини эшитиб, фикридан қайтиб қолди.

“2Hostel2” меҳмонхонасининг исмини ошкор қилмаган раҳбари ҳам бу масалага изоҳ берилмаслиги ва "қоидани у ўзи ўйлаб топмаганини" маълум қилди.

Бундан 5 йил олдин Москвага хизмат сафари билан борган таниқли ўзбек фотосуратчиси Умида Аҳмедова Москванинг Киевская мавзесида янги очилган ҳостелга жойлашмоқчи бўлганида ҳам “Биз фақат рус-славян меҳмонларга хизмат қиламиз” деган жавобни эшитгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG