Ссылки доступа

Тожикистонда хусусий клиникаларга тиш олиш тақиқланди


Тожикистонда хусусий стоматологик клиникаларга тиш олиш борасида хизмат кўрсатиш тақиқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш устидан назорат давлат хизмати ходими Муродали Меликовнинг 12 декабрь куни Озодлик Радиосига тасдиқлашича, эндиликда тишларни олиш хизмати билан расман рухсатномаси бўлган клиникалар шуғулланади. Унинг сўзларига қараганда, тиш олиш ёки тишларни трансплантация қилиш борасидаги хизматлар барча шарт шароитлари муҳайё қилинган стоматологик кабинетларда амалга оширилади.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги илмий-клиник институти директори Маҳмадулло Қосимзоданинг таъкидлашича, бу ерда соҳада монополия ҳақида гап бораётгани йўқ. Унинг сўзларига қараганда, хукумат стоматологик клиникалар ва кабинетлар устидан назоратни кучайтирди, холос. Шу билан бирга Қосимзода тиш олиш борасида хусусий клиникалар хизмати тақиқланганидан сўнг, ўзларига мурожаат қилаётган пациентлар сони кўпайганини тасдиқлади.

Бир ҳафта муқаддам Тожикистон парламентининг қуйи палатаси мамлакат Жиноят кодексининг 129 моддаси (“тиббиёт ходимларининг ўз касб мажбуриятларини нотўғри ижро этиши”)гаўзгартиш киритди. Эндиликда пациентларга инфекция юқтирган шифокорлар, шунингдек бепарволик ёки ишига виждонан ёндашмагани оқибатида пациентлар саломатлигига зиён етказган шифокорлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади. Мамлакатда шунингдек, сифати паст ва яроқлилик муддати ўтиб кетган фармацевтикамаҳсулотларини олиб кирганларга ҳам жазо берилади.

Шу йилнинг феврал ойида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири, мамлакатда 22 та давлатга тегишли ва хусусий стоматологик клиникалар беркитилганини маълум қилган эди – бу клиникаларда санитария меъёрлари ва стерилизация стандартларига амал қилинмаган.

ТР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария ваэпидемиология назорати давлат хизмати маълумотларига кўра, айни дамда Тожикистонда 579 та стоматологик клиника ва кабинет фаолият юритмоқда.

XS
SM
MD
LG