Ссылки доступа

Қирғизистонда буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги нишонланмоқда


Қирғизистонда замонамизнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. 13 декабр куни эрталаб президент Сооронбай Жээнбеков бошчилигидаги хукумат делегацияси «Ата Бейит» мемориал комплексига ташриф буюрди. Президент ёзувчининг қабрига гул қўйди.

Айтматов хотирасини ёдга олиш мақсадида Жоғорку Кенеш спикериДастан Жумабеков, бош вазир Мухаммедқалий Абилгазиев, Олий суд раиси Гульбара Калиева, Чингиз Айтматовнинг қариндошлари, дўстлари ва мухлислари келди.

Тадбирнинг расмий қисми Қирғиз миллий филармониясида давом этди. Иштирокчилар эътиборига Чингиз Айтматовнинг болалигига бағишланган постановка ва унинг ўз отаси Тореқул Айтматов ҳақидаги хотиралари ҳавола қилинди. Актёрлар ёзувчининг ёшлиги акс этган ҳодисаларни ҳам ижро этишди.

Тадбир иштирокчиларига бош вазир Мухаммедқалий Абилғазиев ва президент Сооронбай Жээнбеков мурожаат билан чиқди. Жумладан, президентнинг маълум қилишича, келажакда Айтматов проспектининг юқори қисмида унинг номи билан аталувчи маданий марказ қурилади. «Ёзувчининг кичик ватани бўлмиш Шекер қишлоғида «Чынгыз Ордо» мажмуаси қурилиши бошланди. Бишкекда эса Раззақов кўчасида қад ростлаган кутубхона базасида Чингиз Айтматов ва«Манас» академияси қуришга қарор қилинди. Яқин кунларда тегишли ҳужжат имзоланади», - деди президент.

Президентнинг чиқишидан сўнг филармониядаги тадбир Чингиз Айтматов асарлари асосида мусиқали постановка билан давом этди.

Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги фармон президент томонидан 2017 йилнинг апрелида имзоланган эди.

Чингиз Айтматов - ҚР халқ ёзувчиси. ЮНЕСКО маълумотига кўра, Айтматов замонамизнинг асарлари энг кўп ўқиладиган ёзувчиларидан биридир. Унинг асарлари 176 тилга таржима қилинган ва жаҳоннинг128 та мамлакатида 100 млн ададда нашр қилинган. Айтматов асарлари жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидаги мактаб ва олий ўқув юртларининг дастурларига киритилган.

Ёзувчи 1928 йилда Талас вилоятининг Шекер қишлоғида туғилган. У2008 йил Германияда 79 ёшида вафот этди.

XS
SM
MD
LG