Ссылки доступа

Президентга арз қилмоқчи бўлган “Шўртаннефтгаз”нинг юзлаб ишчиси уйидан чиқарилмади


13 декабрь куни Шавкат Мирзиёев¸ президент матбуот хизматининг ëзишича¸ "халқ ҳаëти билан бевосита танишиши учун" Қашқадарë вилоятига борди¸ хусусан¸ "Шўртан газ-кимë комплексини бориб кўрди.

Мазкур ташриф олдидан “Шўртаннефтгаз” корхонасининг ишдан бўшатилган юзлаб ишчиси уйдан чиқмаслик ҳақида огоҳлантирилган; президентга арз қилиш мақсадида вилоят ҳокимлиги Халқ қабулхонасига бормоқчи бўлганлари эса¸ ички ишлар тизими ходимлари томонидан уйига қайтарилган.

“Шўртаннефтгаз” собиқ қўриқчиси Қашқадарё вилояти ИИБсининг Террорчилик ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими мулозими арз қилмоқчи бўлганларга президент ташрифи ниҳоясига етмагунича уйдан чиқмай ўтиришни буюрганини билдирди.

- Уйдан чиқсангизлар¸ 159-модда билан қамаймиз, деб огоҳлантирди. Худди жиноятчидай уйда ушлаб ўтиришибди. Ҳозир уйдан чиқмай ўтирибмиз. Бошқалар билан ҳам гаплашдим, ҳаммаси шундай огоҳлантириш олган. Маҳалла фаолларини назоратга қўйиб қўйган. Президентга арзимизни қандай айтишга ҳайронмиз, - деди “Шўртаннефтгаз” корхонаси собиқ қўриқчиси.

24 ноябрь куни "Шўртаннефтгаз"нинг ўнлаб ходими Қарши шаҳридаги Халқ қабулхонаси олдида тўпланиб¸ ўзлари ва қарамоғидагиларнинг боқувчисиз қолдирилганига норозилик билдирган эди. Норозилик тадбирида қатнашганлар бу воқеадан сўнг милиция босими кучайгани, бу каби ҳатти-ҳаракатлар келгусида такрорланган тақдирда жавобгарликка тортишга асос бўлишидан огоҳлантирилганликларини айтди.

Ноябрь ойи бошида "Шўртаннефтгаз" корхонаси қувурларини қўриқлаш билан шуғулланиб келган 320дан зиёд қўриқчи ёппасига ишдан бўшатилган эди. 2018 йил ноябридан бошлаб бу вазифа Ички ишлар вазирлигига бўйсунадиган қўриқлаш хизматига топширилган.

"Шўртаннефтгаз" қўриқчилари корхона маъмуриятини меҳнат қонунчилигини бузишда айбламоқдалар.

"Шўртаннефтгаз" раҳбарияти норози ишчиларнинг талабларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилгани ва аҳволни ўрганаётганини билдирди.

“Шўртаннефтгаз” корхонаси 1980 йилда ташкил топган бўлиб, газ қазиб олиш, газ, нефт конларини ишлатиш, газни ва газ конденсатини тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланади.

XS
SM
MD
LG