Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти собиқ президентлардан даҳлсизлик олиб ташланишини қўллаб-қувватлади


Қирғизистон парламенти 13 декабрь куни собиқ президентларнинг даҳлсизлик мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Депутатларнинг 100 нафари «Ёқлаб», икки нафари «Қарши» овоз берди. Таблога кўра овоз беришда 120 нафар депутатдан 102 нафари иштирок этди.

«Қирғизистон президенти фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритиш борасидаги ташаббус парламент депутатлари Исхақ Масалиев ва Қурманқул Зулушев томонидан илгари сурилди.

Тузатиш муаллифларининг фикрича, қонуннинг собиқ президентлар дахлсизлигини кафолатловчи 12-моддаси барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини кафолатловчи Конституция принципларига зиддир. Қонун лойиҳасида мазкур модда олиб ташланиши таклиф қилинмоқда.

Депутатлар шунингдек 3-моддани ҳам ўзгартишни таклиф қилишмоқда, бу моддага кўра амалдаги президент даҳлсизлик мақомига эга бўлиб, жавобгарликка тортила олмайди. Ўзгартишларга кўра, президент мансабидан четлаштирилгани (импичмент)дан сўнг жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, бунинг учун парламент томонидан унинг жиноят содир этгани борасида айблов қўйилиши керак бўлади. Айблов учун бош прокурор томонидан президент ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжудлиги тасдиқланиши борасида хулоса керак бўлади.

Шунингдек, собиқ президентлар қадр-қиммати ва шаънини ҳимоя қилишни кафолатловчи 18-модда ҳам тўла бекор қилинади.

Қирғизистон собиқ президенти мақомига Роза Отунбаева ва Алмазбек Атамбаев эга. Инқилоблардан сўнг Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар бу мақомдан маҳрум қилинишган.

XS
SM
MD
LG