"Ҳафта давомида давлат дўконига ун учун ҳар куни келдим. Янги йил яқинлашмоқда. Уйда мутлақо ун йўқ!”, - дейди Дашўғиз вилоятидаги туманлардан бирида истиқомат қилувчи аҳоли вакили.
Унинг сўзларига қараганда, ўтган ҳафтада 3-7 декабр кунлари, давлатга қарашли маҳаллий озиқ-овқат дўконлари ёпиқ бўлди.
"Биз давлат дўконидан бирор марта ҳам ун сотиб ололмадик. У ерга ҳар куни борамиз. Бугун ҳам 20 га яқин киши дўкон олдида соат 12.00гача кутиб турдик. Ҳафта давомида дўкон очилмади", - дейди Дашўғизда яшовчи аҳоли вакили.
Унинг айтишича, сотувда ун йўқлигига қарамай, 3 декабрь куни эрталаб навбатда турган одамлар дўконга кираверишда сочилган ун қолдиқларини кўришган.
Давлат дўконларида озиқ овқат маҳсулотлари арзон нархларда сотилади. Бозор ва хусусий дўконларда нархлар бир неча баробар қиммат. Айни дамда давлат дўконларида бир килограмм ун баҳоси 2 манат, нон эса 1 манат туради. (Туркманистон МБ курси бўйича $1 - 3.5 туркман манатига тенг)
Дашўғиздаги «Озодлик» суҳбатдошларининг сўзларига қараганда, минтақадаги бозорларда ун нархи бирданига кўтарилиб кетди.
"Қадоқланган 2 килограммлик ун 40 манат туради. Авваллари нарҳ 5 манат эди", дейди Дашўғизда яшовчи фуқоро.
Дашўғиз вилоятидаги туманлардан бирида давлат дўконларида ун харид қилувчилар аввалдан навбатга ёзилиши керак.
"Акам 700-бўлиб навбатга ёзилди. Унинг навбати 4 ойдан кейин келади. Дўконга ҳар ойда 200 қоп ун олиб келинади"- дея хабар беради Дашўғизда яшовчи фуқоро «Озодлик» радиосига.
Яқинда Туркманистонинг вилоятларидаги давлат дўконларида ун тарқатиш меъёри камайтирилгани борасида хабар тарқатилди.
Мамлакат расмийлари озиқ-овқат тақчиллиги мавжудлигини расман тан олмайди, бироқ давлат дўконлари устидан, шунингдек навбатда турган харидорларни кузатади ва назорат қилиб туради.