Ссылки доступа

МИБ газини узган аёл Қибрай ҳокими қабулида ўзига ўт қўйди


Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими бошчилигида 14 декабрь куни эрталаб фуқаролар қабули бўлиб ўтаётган пайтда, 29 яшар Нозима Эргашева ўзига ўт қўйган.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, аёл МИБ ходимлари унинг газ қувурини асоссиз кесиб ташлагани, икки ойдан буён унинг арз-додларига ҳеч ким қулоқ солмаётганидан шикоят қилган.

Қибрай туманида яшайдиган 29 яшар Нозима Эргашеванинг ўзига ўт қўйгани ҳақида шу воқеа гувоҳларидан бири хабар қилди. “14 декабрь куни, эрталаб тахминан соат 10.15 ларда Қибрай тумани ҳокими бошчилигида фуқаролар қабули бўлиб ўтаётган эди. Бир аёл уни асоссиз қарздор қилишгани, икки ойдан буён масаласи ҳал бўлмаётгани, унинг шикоятларига ҳеч ким жавоб бермаётганидан шикоят қилди. Унга қарзингиз бўлса барибир тўлашингиз керак, деб жавоб беришди. Кейин у аёл қўлидаги идишда турган бензинни ёқиб юборди, одамлар унга туташган оловни ўчириб қолишди. Зал ҳам озгина ёнди”, дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Қибрай тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, шундай воқеа бўлганини ва Нозима Эргашева биринчи даражали куйиш жароҳати олганини тасдиқлади. Мулозим, бу воқеа юзасидан жиноят иши очилгани ёки очилмагани ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирди.

Қибрай тумани ташкилий назорат гуруҳи етакчи мутахассиси Холмурод Раббанаевнинг айтишича аёл ўзига эмас, балки мажлислар залига ўт қўймоқчи бўлган. "У ўзига-ўзи ўт қўймаган. Қўлидаги анақага ўт қўйиб, трибунага қараб отган. Трибунада ҳеч ким бўлмаган. Бензин эмас, солярка бўлган. Шунда қўлига ҳам туташиб куйган", дейди Холмурод Раббанаев.

XS
SM
MD
LG