Ссылки доступа

ҚРда ишчилар ҳуқуқлари бузилаётганини айтган «Джунда» заводининг собиқ ходими иккинчи бор калтакланди


Қора Болтадаги «Джунда» нефтни қайта ишловчи заводнинг собиқ ходими Искандар Мамирқулов иккинчи бор номаълум шахслар томонидан калтакланди. Бу ҳақда унинг ҳамкасби Нурбек Сулайманов маълум қилди.

«11 декабрь куни Қора Болтага парламент депутатлари келиши керак эди. 10 декабр куни биз улар билан нималар ҳақида гаплашишимиз юзасидан келишиб олдик ва тарқалдик. Кечқурун унинг хотини менга қўнғироқ қилиб, у ҳамкасблари билан суҳбатлашиш учун чиқиб кетганидан кейин қайтиб келмаганини айтди. Биз уни қидира бошладик ва шифохона яқинидан топдик. Унинг ўзи юрарди, қўлларига бинт ўралган эди, курткаси пичоқ билан кесилганди, қўл ва юзлари жароҳатланган бўлиб, тили шишиб кетганди, бир пой оёқ кийими йўқ эди. Биз уни машинага ўтқазиб шифохонага олиб бордик. У бизни танимади-ям», - дейди Сулайманов.

Шу йилнинг октябрь ойида «Джунда» заводи ишчилари касаба уюшмаси раҳбарият ходимларнинг меҳнат хуқуқларини бузаётганлигини, ишлаш учун шароит яратиб бермаётгани ва зарар учун қўшимча ҳақ тўламаётгани ҳақида баёнот берди.

Ишчилардан бири Искандар Мамирқулов ноябрь ойи бошларида раҳбарият пул тўламаётгани юзасидан судга мурожаат қилгани ҳақида маълум қилди. Мамирқуловнинг баёнотига кўра, унга ўзини ИИВ Тергов хизмати ходими дея таништирган номаълум шахс қўнғироқ қилган ва «Джунда» ишига аралашмасликни айтиб таҳдид қилган. Бундан аввалроқ номаълум шахслар Мамирқуловнинг бошига уриб кетишган эди.

Унинг ҳамкасбларининг айтишича, бу гал Жиноят кодексининг 123 моддаси («Одам ўғирлаш») бўйича жиноий иш очилган. Ҳозирча ИИВ билан боғланиб бу иш бўйича изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Бир йилда 800 минг тона нефтни қайта ишлашга мўлжалланган «Джунда» заводи Қора Болтада Хитойнинг «Чайна Петрол Джунда» компанияси томонидан қурилган. Завод 2014 йилда фойдаланишга топширилган. Хабарларга кўра, завод қурилишига 300 миллион доллар сармоя киритилган.

XS
SM
MD
LG