Ссылки доступа

Тадқиқот: 90% тожик аёллари ўз эрларидан қўрқади


International Alert халқаро ташкилоти Тожикистонда ўтказган тадқиқотга қараганда, эркаклар ўз хотинларини калтаклаш, сўкиш, талоқ таҳдиди билан ўз назоратига олиш орқали “тарбиялаш”ни афзал кўришар экан.

40 ёшли Дилоромнинг ҳар бир қадами назоратда. Унинг телефонни доимий равишда ишлаб туриши керак, у телефон қўнғироғига зудлик билан жавоб қайтариши ва рухсатсиз уйдан ташқарига чиқиши керак эмас. Уйдан ташқарига чиққудек бўлса, ёки эри белгилаган вақтдан кечикса Дилором қўрқувдан саросимага туша бошлайди.

«Қаергадир бормоқчи бўлиб рухсат сўрасам, эрим «тўғри бориб, тўғри кел» дейди, агарда кечикиб қолсам, у ҳолда мени ёлғончиликда айблай бошлайди. «Сен бошқа ерга бординг, шифокорга ёки ота-онангникига бормадинг», - дея мени айблайди. Мен қаерда бўлишимдан қатьий назар, кечикишимдан эрим томонидан бўладиган эътирозлардан қўрқиб, тезроқ уйга боргим келади. Шошганимдан бир неча бор машина тагида қолиб кетишимга оз қолган», -дейди Дилором.

Дилоромнинг айтишича, калтаклардан қўрқмайди, балки эрининг талоқ қўйиши ва шу тариқа оиласи бузилишидан қўрқар экан.

Халқаро ташкилотлар ёрдами билан Статистика қўмитаси томонидан ўтказилган ижтимоий тадқиқотларда иштирок этган ҳар ўнта аёлнинг тўққизтаси, ёки сўралганларнинг 90% худди Дилором каби эрларидан қўрқишларини таъкидлашган. 39 фоиз аёлларнинг айтишларича, улар доимий равишда қўрқувда яшашади, 51 фоиз аёл эса гоҳида эрларининг ғазабидан қўрқишларини айтишган.

Мазкур сўров Тожикистондаги 8 мингта хўжаликда ўтказилиб, 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган 10 мингта аёлни қамраб олди.

Тожикистонда оилада зўравонликлар мавжудлигини тасдиқловчи мазкур тадқиқот натижаларига қараганда, кўплаб аёллар ўзларининг ҳар бир қадами эри томонидан рашк ёки ғазабга сабаб бўлишидан қўрқиб яшайдилар.

Аёлларнинг дугоналарига бўлган муносабати ҳам эркакларга ёқмайди ва кўпинча эркаклар ўз хотинларини вафодор эмасликда ёки хиёнатда айблашади.

Қийноқлар ва талоқдан қўрқиш хотинларнинг эрлари олдидаги қўрқувнинг асосий сабабларидан бири экани айтилади. Аёлларнинг 30 фоизидан кўпроғи ўзларининг эрлари томонидан жисмоний ва жинсий зўравонликка учраган.

Бу каби вазият уларнинг фарзандларига ҳам таъсир кўрсатади, болалар кўп ҳолларда депрессив ҳолатга тушиб қолишади. Бироқ кўплаб аёллар уйдаги жанжални кўчага олиб чиқмасликни афзал кўришади, ёки ўзларининг шикоятлари келтириб чиқарадиган оқибатлардан қўрқишади ва шу тариқа йиллар мобайнида ҳадиксирабяшайдилар.

XS
SM
MD
LG