Ссылки доступа

Термизда давлат ташкилотлари ходимлари Мирзиёевнинг келишига қишда гуллар экмоқда


12 декабрь куни президентнинг Сурхондарё вилоятига кутилаётган ташрифи арафасида давлат ташкилотлари ходимлари ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилинаётгани ҳақида ёзилган эди. Бир неча кундан сўнг шаҳар ҳокимининг ўриносари буни рад этди.

12 декабрь куни термизлик кишидан Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига келишидан олдин давлат ташкилотлари ходимлари шаҳар кўчаларини ободонлаштиришга жалб қилингани тўғрисида хабар келди.

“Алам қиладигани, улар чўнтагидан қиммат нархларда гул сотиб олишга мажбур этилди. Ташрифи оддий одамларга қанчалик қимматга тушаётганини президентнинг ўзи билармикан?”, деб ёзди термизлик киши.

Бунга янги экилган гул кўчатларининг суратлари илова қилинган эди.

Термиз шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 14 декабрь куни ҳоким ўринбосари Ш. Раҳмонқулов номидан ёзилган раддияни юборди. Раддияда ободонлаштириш ишлари президент Мирзиёевнинг келишига тайёргарлик эмас, балки “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги ҳамда Янги йил байрами тадбирларини уюшқоқлик билан кутиб олиш мақсадида вилоятда хонадонлар, кўчалар, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида тозалик кунлари ўтказилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилаётгани” ёзилган.

Термиз давлат университетининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси ҳеч қайси йили Конституция кунига, қиш кунида кўчалар бўйи ва хиёбонларга гул экилмаган, бу президент сафари олдидан қилинаётган одатдаги кўзбўямачиликдир деган фикрни билдирди. “Ҳақиқатан ҳам гуллар экилди, аксарияти сўлиб ҳам қолди. Ҳеч қачон Термизда қишда кўчаларга гул экилмаган. Агар баҳорда эксангиз, мантиққа тўғри келарди. Расмиятчилик учун экилгани кўриниб турибди. Бундай совуқ пайти гул қандай қилиб тутиб кетиши мумкин?”, деди термизлик ўқитувчи.

Корхона ва ташкилотлар ишчиларининг айтишларича, улар ўз ихтиёрлари билан ўз ҳудудида эмас, балки бошқа ҳудудларда мажбуран ишлатилган. Термизлик кишининг айтишича, шаҳар бўйлаб экилаётган гуллар давлат ташкилотларига мажбуран соттирилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ўтказилган йиғилишда унинг вилоятларга боришига тайёрланаётган кўзбўямачилик ишларни ҳам танқид қилар экан, жойлардаги аҳволни ўзи жуда яхши билишини айтган.

XS
SM
MD
LG