Ссылки доступа

Душанбеда баҳайбат курантли минора қад ростлайди


Душанбе марказидаги Дўсти майдонида совет Тожикистони герби акс этган ёдгорлик ўрнида 18-метрлик курантли минора қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда Тожикистон пойтахти мэрининг биринчи ўринбосари Муҳаммадсаид Зубайдзода маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, соати бўлган минора қурилишини маҳаллий тадбиркор молиялаштирмоқда. Унинг исми минора очилиши тадбирида эълон қилиниши кутилмоқда.

Куранти бўлган баҳайбат минора 1949 йилда Тожикистон ССР ташкил этилганлигининг 20 йиллиги муносабати билан ўрнатилган ёдгорлик ўрнида қад ростлайди. Ёдгорлик барельефларида Тожикистон халқи - зиёлилар, колхозчилар, ишчилар ва ҳарбийлар акс эттирилган эди.

Тожикистонлик тарихчи Ғафур Шерматовнинг сўзларига қараганда, ёдгорлик тожик қурувчилари томонидан барпо этилган эди. Ундан аввал эса бу ерда Иосиф Сталиннинг 9 та ҳайкалидан бири бўларди – ўша вақтларда шаҳар «халқлар доҳийси» номи билан аталарди. Тожикистон ССР герби бўлган ёдгорлик 2015 йил 12 декабрга ўтар кечаси бузиб ташланди. Ўшанда мэрия бузишни совет даврига оид ёдгорлик пойтахт Бош режасига мос эмаслиги билан изоҳлаган эди.

2013 йилда пойтахтнинг янги бош режаси қабул қилинган бўлиб, унга кўра шаҳар марказидаги совет даврига оид ўнлаб бинолар бузиб ташланиши керак эди.

«Мен янги рамз ва объектларга қарши эмасман. Аммо биз тожиклар тарихининг у ёки бу даврига оид барча ёдгорликларни сақлаб қолишимиз керак. Масалан Римда барча давр ва замонларга оид ёдгорликлар сақлаб қолинган. Биз ҳам совет даврига оид ёдгорликларни сақлаб қолишимиз зарур. Ахир улар ҳам тожиклар тарихининг бир бўлагидир», - дейди тарихчи Ғафур Шерматов.

XS
SM
MD
LG