Ссылки доступа

Москваликлар мигрант-ўқувчилар таълим оладиган синфлардан фарзандларини олиб кетишмоқда


Муҳожир болаларнинг интеграциясини кўзда тутиб Россия мактабларида очилган аралаш синфлар амалда ўзини оқламаяпти, кўп ҳолларда ўқитувчилар муҳожир ўқувчиларга дарсни тушунтириш учун кўп вақт сарфламоқда, қолган ўқувчиларга вақтлари етмаяпти.

Рустам Ҳалимов рафиқаси билан тўққиз йил муқаддам Россияга келган, ўшанда уларнинг ўғли Қосим икки ойлик эди. Ҳозир у учинчи синфда ўқийди: ўтган йили математика бўйича олимпиадада ғолиб бўлди, бир ой муқаддам эса рус тилида шеър ёза бошлади.

«Унинг биринчи тили – рус тили, мен уни «москвалик тожик» дейман, – дея ҳикоя қилади Қосимнинг отаси. – У тожикчани тушунади, аммо яхши гапира олмайди. Мен уйда она тилимизда гаплашишга ҳаракат қиламан: бироз гаплашганимиздан сўнг у: «Пап, давай лучше по-русски» («Ота, яхшиси русча гаплашайлик») дейди. У русчада яхши гапиради».

Қосим Ҳалимов Москвадаги оддий мактабда ўқийди. Унинг синфида ота-оналари бошқа мамлакатлардан Москвага келган болалар ҳам бор. Унинг ўзлаштириши яхши, аммо бошқа муҳожир болаларники яхши эмас, дейди Қосимнинг отаси.

«Уларнинг синфида бошқа давлатлардан келган атиги тўрт бола ўқийди: менимча, икки нафари Тожикистондан ва яна икки нафари Ўзбекистондан. Синфдаги тўрт боланинг ўзлаштириши яхши эмас. Уларнинг ота-оналарига репетитор олинг дейишади. Бироқ менинг ўғлимники яхши -ундан фахрланаман», – дейди Рустам Ҳалимов.

Эндиликда Қосим ота-онасини рус тилига ўргатмоқда, кўп ҳолларда таржимонлик қилади. Масалан оила дўконга борса, сотувчи билан болакай мулоқотда бўлади. Қосим Москвада вояга етди, аммо яқинда Россияга келган болалар билан вазият бутунлай бошқача.

Москвалик Оксана Пашина бу йил қизини бирнинчи синфга берди. Унинг айтишича, синфдаги 30 нафар ўқувчининг учдан бир қисми муҳожирларнинг фарзандларидир, уларнинг тенг ярми рус тилида гаплаша олмайди.

«Маълум бўлишича, биринчи кун менинг қизим кўп гапирган. Уни рус тилини билмайдиган ва гапира олмайдиган Айдар исмли болакайнинг ёнига ўтқазиб қўйишган, қизим уни тушунмаган, у қизимни, – улар жимгина ўтиришган», – дейди Оксана Пашина.

Оксананинг сўзларига қараганда, муҳожир болаларнинг интеграциясини кўзда тутиб очилган аралаш синфлар амалда ўзини оқламаяпти, кўп ҳолларда ўқитувчилар муҳожир ўқувчиларга дарсни тушунтириш учун кўп вақт сарфламоқда, қолган ўқувчиларга вақтлари етмаяпти.

Оксана Пашинанинг айтишича, иккинчидан мактабда маҳаллий ва муҳожир болалар ўзаро мулоқот қилмайди: «Болалар ўз миллатдошлари билан мулоқотда бўлишади, синфдаги болаларнинг миллати турличадир. Яъни кичик гуруҳлар пайдо бўлиб, бу гуруҳларда болалар тил принципи бўйича дўстлашадилар».

Оксананинг қизи Яна таълим оладиган мактабда рус тили бўйича қўшимча дарслар ёки курслар йўқ, қизчанинг айтишича, муҳожир болаларга тўғри гаплашишни ўргатишга ҳаракат қилмоқда экан. «Мен унга «манты» деб эмас, «манту» деб гапириш кераклигини айтаман, миллион марта такрорладим. Бироқ бу иш билан мен эмас, ўқитувчи шуғулланиши керак. Болалар катта бўлмасдан ўрганишлари керак», – дейди Яна.

Шу сабабли айрим ота-оналар фарзандларини бошқа мактабларга кўчириб олиб кетишмоқда. Оксана Пашинанинг айтишича, қизи таълим олаётган синфдан уч нафар болани, айни шу сабабларга кўра, олиб кетишган.

Рустамнинг ўғли Қосим эса фақат москваликлар билан мулоқотда бўлади. Отаси уни таътил вақтида Тожикистонга юборганида, 10 кундан кейин болакай Москвадаги уйига қайтишни сўрай бошлаган.

XS
SM
MD
LG