Ссылки доступа

Тошкентда шаҳар Wi-Fi тармоғининг 1200та нуқтаси ишга туширилгани хабар қилинди


Тошкентда 17 декабрь куни шаҳар Wi-Fi тармоғи ишга туширилди. Бу ҳақда хабар берган маҳаллий нашрларнинг ёзишларича, лойиҳани Asia Wireless Group ширкати амалга оширмоқда. Wi-Fi оператори SOLA бренди остида ишлайди.

Asia Wireless Group тарқатган пресс-релизда «Тошкент интернетга симсиз кенг полосали кириш умумшаҳар тармоғи мавжуд Марказий Осиёдаги биринчи шаҳарга айланди»,- деб иддао қилинди.

Хабарларда айтилишича, ҳозир Тошкентда 1200 та Wi-Fi нуқтаси ишламоқда. Баҳоргача уларнинг сонини беш мингтага етказиш режалаштирилган.

“SOLA тизимида интернетга пулли ва пулсиз асосда кириш мумкин. Бепул кириш учун аввал реклама ролигини томоша қилиш лозим. Пулли тарифларда абонент кунлик, ҳафталик ёки ойлик обуна билан туганмас интернетдан фойдалана олади”, дейилади хабарда.

Яқин келажакда Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Навоий, Урганч ва Қарши каби шаҳарларда 45 мингта Wi-Fi нуқтаси ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳам билдирилди.

XS
SM
MD
LG