Ссылки доступа

Жиззаҳда автомобил ишлаб чиқариш заводнинг қурилиши тўхтаб қолди


2018 йилнинг 10 декабрида илк автомобилларини ишлаб чиқариши эълон қилинган Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive заводида машина ишлаб чиқариш тугул¸ завод қурилишининг ўзи ҳам тўхтаб қолди.

Бу ҳхабарни Жиззах эркин иқтисодий ҳудудида бошланган қурилиш ишларига бевосита алоқадор бир неча мулозим тасдиқлади.

Заводни қураëтган "12- Трест" МЧЖси мутахассиси “пул йўқлиги боис бир ойча олдин қурилиш ишлари тўхтатилиб¸ юзлаб ишчи трестнинг қолган бошқармаларига тарқатилган”ини билдирди.

Қўшма корхонадаги француз томони - PSA Groupe матбуот хизмати лойиҳанинг давом этаëтганини билдирди¸ аммо заводнинг нима учун белгиланган муддатда ишга тушмаганига оид изоҳ беришни истамади. “Ҳозир ҳаммаси тўхтаб турипти¸ бу ерда ҳеч қандай иш бўлаëтгани йўқ. Негалигини биздан эмас¸ автопромдагилардан сўрасангиз яхши бўлади”¸ деди Жиззах вилоят ҳокимлиги мулозимларидан бири.

Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги Жиззах эркин иқтисодий ҳудуди маъмурияти мулозими ҳам¸ “қурилишнинг тўхтаб ëтгани”ни айтиш билан чекланди.

Мазкур қурилишнинг пудратчиси - "12 -Трест" МЧЖ муҳандисларидан бири Жиззахда автомобиль заводи қуриш тўхтатилганидан юзлаб қурувчи ишсиз қолганини билдирди.

Жиззах эркин иқтисодий ҳудудида Ўзбекистон-Франция автомобиль заводини қурилиши тўхтатилгани¸ келган норасмий хабарларга кўра¸ Франция PSA Groupe корпорациясининг бу лойиҳадан воз кечиш эҳтимоли билан боғлиқ.

“Француз томони киритадиган инвестициясини 30 йилда ҳам ололмаймиз¸ ўзини оқламайди¸ деб иккиланиб қолган. Шунга уларнинг Ўзбекистонга келиш-келмаслиги мавҳумроқ бўлиб турипти"¸ деди бу лойиҳа тақдиридан билвосита хабардор мулозимлардан бири.

2017 йилнинг 16 май куни «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти Франциянинг «Peugeot Citroen Automobiles S.А» компанияси билан масъулияти чекланган жамият шаклида, устав жамғармаси, эквиваленти 29,3 млн евро миқдоридаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланганини хабар қилган эди. Лойиҳанинг умумий нархи 133,3 млн еврога тенг.

Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йил октябрь ойида қилган сафари муносабати билан гапирган “Ўзавтосаноат” мулозими лойиҳанинг амалга ошишдан кўра ошмаслик эҳтимоли кучли эканини айтган эди.

XS
SM
MD
LG