Ссылки доступа

БМТ Бош ассамблеяси Киевнинг Қрим ҳарбийлашуви бўйича резолюциясини қабул қилди


БМТ Бош ассамблеяси Нью-Йоркда Украина томонидан таклиф этилган “Россия томонидан Қрим, Қора ва Азов денгизи ҳудудларининг ҳарбийлаштирилиши тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни БМТга аъзо 66 та давлат қўллаб-қувватлаган бўлса, 19 таси қарши овоз берди, 72 таси бетараф эканлигини билдирди.

Резолюцияда қайд этиб ўтилганидек, россиялик ҳарбийларнинг Россия томонидан босиб олинган Қримда бўлиб туриши Украинанинг миллий суверенитети, сиёсий мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига дахл қилади.

БМТ Бош ассамблеяси “Россия Федерацияси босиб олувчи давлат сифатида Қримни изчил ҳарбийлаштириши муносабати билан хавотирда эканлигини билдирган”. Қуроллар тизимлари, хусусан, ядровий қирғин қурилмалари ва ракеталари, қурол-яроғлар, ўқ-дорилар ва ҳарбий таркибни етказиб бериш шулар жумласидандир. Бош ассамблея Россиянинг Қора ва Азов денгизи ҳудудлари, хусусан, Керчь бўғозидаги ҳарбий иштироки кенгайиб бораётгани, шунингдек, минтақада Москва томонидан кема қатновларига қўйилган чекловларни кўриб чиқади. Бундан ташқари, ҳужжатда Керчь бўғози орқали кўприкнинг “қурилиши ва очилиши”ни муҳокама қилиш масаласи ҳам ўрин олган.

25 ноябрь куни россиялик чегарачилар босиб олинган Қрим соҳилларида Украина ҳарбий денгиз кучларига қарашли учта кемани ўққа тутган ва қўлга олган эди. Уларнинг бортида 24 украин денгизчиси бўлган. Россия суди уларни чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун икки ойга қамоққа олган эди. Уларга олти йилгача бўлган озодликдан маҳрум этиш жазоси хавф солмоқда. Россия ва Украина бир-бирларини провокацияда айбламоқда. Ғарб мамлакатлари Россиядан денгизчиларни қўйиб юборишни талаб қилаяпти.

Россия 2014 йилда Қримни босиб олган. Украина, ЕИ давлатлари ва АҚШ Украининг ушбу ҳудудини босиб олинган деб ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG