Ссылки доступа

Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш қайта тикланмоқда. Импорт шакарга 20% солиқ солинди


Президент Шавкат Мирзиëевнинг 12 декабрь кунги фармони билан импорт шакарга 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) жорий қилинди.

Янги фармонда 2018 йил январида шакар хом ашёси импортига берилган имтиёзлар 2020 йил 1 январига қадар узайтирилгани ҳолда¸ тайёр шакардан олиб ташланган ҚҚС қайта киритилди. Бунинг ортидан Янги йил дастурхонига турли хил ширинлик пишириш мавсуми бошланган бир даврда Ўзбекистон бўйлаб шакар нархи кўтарилди.

Фармонни шарҳлаган Давлат божхона қўмитаси расмийси¸ уни содда қилиб¸ президент шакар ишлаб чиқарувчилар импорт қилаëтган хом ашëни қўшилган қиймат солиғи тўлашдан 2020 йил 1 январига (ўтган йилги фармонда бу 2019 йил 1 январигача деб белгиланган – таҳр.) қадар озод қилган ҳолда¸ тайëр шакарни бу тоифадан чиқарганини билдирди. “12 декабрь кунги фармон билан импорт қилинаëтган тайëр шакарга 20 фоизлик НДС (ҚҚС) жорий қилинди. Янги фармонда шакар хом ашёсига имтиёзлар сақлаб қолинди, фақат тайёр шакарга эмас”, деди мулозим.

Давлат солиқ қўмитаси мутахассиси 2018 йил давомида импорт қилинган шакарнинг ҚҚСдан озод этилганини ички бозордаги талабни қондириш ва чакана нархлар кескин ошиб кетиши олдини олиш учун кўрилган вақтинчалик чора бўлганини таъкидлади.

Қўмита мутахассиси¸ 2018 йилнинг 12 декабридан бошлаб импорт қилинаëтган (асосан Украинадан - таҳр.) тайëр шакарга 20 фоизлик ҚҚС жорий қилинишини "ички ишлаб чиқарувчини оëққа турғизишга ëрдам бериш" мақсади билан изоҳлади.

2017 йил сентябрида Мирзиëев ҳукумати ўзбек сўмини девальвация қилиши ортидан Ўзбекистондаги шакар ишлаб чиқарувчи иккала завод - «Хоразм-шакар» ва «Ангрен-шакар» йил охирига бориб ишдан тўхтаган эди.

Шакар билан улгуржи савдо қилувчи тадбиркор¸ 12 декабрь кунги қарор чиқиши билан шакар автоматик тарзда 20 фоизга қимматлаганини билдирди. “Килосини 12 декабргача 4160 сўмдан олаëтгандим¸ҳозир 4500 сўм бўлди. Қопи 208 минг эди¸ ҳозир 225 минг бўп турипти. Бу олишим. Сотишим килосига энди 5300-5500 сўм бўлади”¸ деди Чилонзордаги дўконлардан бирида савдо қилаëтган тадбиркор.

Расмий ҳисоб-китобга кўра¸ Ўзбекистонда бир йилда жон бошига ўртача 15-16 килограмм шакар истеъмол қилинади.

XS
SM
MD
LG