Ссылки доступа

Туркманистонда илк мусиқали лейблга асос солинди


Туркманистондаги илк мусиқали Music Planet лейбли (мусиқа бозорида фаолият юритувчи компания) Ашхободдаги «Туркманистон» киноконцерт марказида янги йил концертини ўтказади. Тадбир 23 декабрь куни бўлиб ўтади, дея хабар берди Orient TM.

Фергана.ру нашрининг хабар беришича, Music Planet лейблига шу йилнинг 17 ноябрь куни Туркманистон Мусиқа жамияти томонидан асос солинди. Orient TMнинг таъкидлашича, лейбл фаолиятидан асосий мақсад – истиқболли ёш ижрочиларни мусиқа саньатига жалб қилиш ва туркман поп-саҳнасида янги номларни кашф қилишдан иборат.

«Туркманистонда шу каби мусиқали лейбл мавжуд эмаслиги ҳисобга олинган ҳолда, бу саноатда илк кашшоф бўлишни истадик», – дейди лойиҳа продюсери Дмитрий Осипов.

Осиповнинг сўзларига қараганда, айни дамда катта саҳнага «йўлланма» олишни орзу қилган ижрочи ёшлар томонидан қизиқиш кучайгани кузатилмоқда. Келажакда истеъдодлилари билан шартнома имзоланиши ва уларга лейблнинг доимий артистлари мақомини бериш режалаштирилган.

Санъат соҳасида қатъий цензура мавжуд бўлган Туркманистонда нодавлат продюсерлик фаолияти эндигина пайдо бўлмоқда. 2018 йил июн ойида илк хусусий театр саҳнаси катта ютуқ сифатида қайд қилинди.

Шу йилнинг август ойида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда фаолият юритувчи барча цензура комиссиялари таркибини янгилади. Қайд қилинишича, президент «бу соҳадаги ишларни фаоллаштириш, янгидан янги истеъдодларни кашф қилиш зарурлигини таъкидлаган». Бугунги кунда Туркманистонда таниқли эстрада ва адабиёт бренди сифатида Бердимуҳамедовнинг ўзи тан олинади. Президентнинг ижоди ТВ каналлари орқали мажбурий тарзда намойиш этилади.

XS
SM
MD
LG