Ссылки доступа

Ўзбекистон Марказий банки тўлов тизимида узилишга йўл қўйганларга 1 миллиард сўм жарима солишни таклиф этмоқда


Марказий банк Ўзбекистондаги тўлов тизимларига фаолиятидаги узилишлар учун энг кам иш ҳақининг 5000 бараваригача, яъни 1 миллиард сўм миқдорида жарима солишни таклиф қилмоқда.

Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган “Тўловлар ва тўлов тизимлари” тўғрисидаги қонун лойиҳасида мана шу меъёр ҳам қайд этилди.

Қонун лойиҳасида тўлов тизимининг носозлиги узлуксиз тўлов хизматлари кўрсатилишига таъсир кўрсатса, Марказий банк жарима солишдан ташқари тўлов тизимига олти ойгача баъзи операцияларни амалга оширишни чеклаб қўйиши ёки уч ойгача лицензияни тўхтатиб қўйиши ҳам мумкинлиги белгиланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда фақат Uzcard миллий тўлов тизими мавжуд. Мазкур тизимдаги носозликлар туфайли 15 сентябрдан бошлаб уч кун давомида пластик карталар ва терминаллар ишламай қолган эди.

Марказий банк бунинг ортидан аҳоли, тадбиркорлар ва ташкилотлар 300 миллиард сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар кўрганини билдирган.

Ўзбекистонга катта зарар келтирган носозлик ортидан мамлакат президентининг “Uzcard” монополиясини бекор қилишни кўзда тутувчи қарори эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG