Республика Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, "Мазкур иш жорий йил 4 декабрида назорат тартибида ўрганилиб, терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш учун Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган".
Ҳусанованинг иддаосига кўра¸ таҳқирлаш икки фарзанди кўз ўнгида бўлган ва бу манзара болалар руҳиятига салбий таъсир қилган.
Озодликда нусхаси мавжуд бўлган Суд-тиббий экспертиза Бош бюросининг Бахтиëр Абдахатов имзолаган 5457 рақамли хулосасида Ҳусановага “енгил жароҳат етказилгани” қайд қилинган.
Ҳусанованинг калтакланганига оид ИИБ иш жилдидаги ҳужжат
Ҳужжатда ëзилишича¸ Ҳусанованинг сочи машинкада олинган ва тирсак¸ елка, билак ҳамда иккала сонида қонталаш¸ шилинма ва тиш излари бор.
Шаҳзода Ҳусанова воқеа юзасидан Юнусобод туман ИИБга ариза билан мурожаат қилгани аммо "иш атайлаб пайсалга солиб чора кўрилмаëтганини" иддао қилди.
Юнусобод туман ИИБда Ҳусанованинг уйига уч аëл кириб калтаклагани бўйича ариза рўйхатга олинганлигини аммо бу юзадан жиноят иши очилмаганини айтишди.
Тошкентлик ҳуқуқшунос Умид Давлетов, Ҳусанованинг иши тафсилотларини эшитгач, бу ҳолатда ИИБ вакилининг ишни пайсалга солиши ëки жиноят ишини қўзғатишни рад қилишга асоси йўқ, деб айтди.
Ëлғиз она мақомида яшаëтган Шаҳзода Ҳусанованинг айтишича¸ у Telegram каналида Т. Ш. исмли йигит билан ëзишган. Бу ëзишмалардан хабар топган Т.Ш. нинг хотини М.Н. ва яна икки аëл Ҳусанованинг уйига бостириб кирган. Бстириб кирган уч аëл Ҳусановани уриб, ерга ëтқизган. Ўзлари билан олиб келган механик соч олиш машинкасида Ҳусанованинг сочини олишган. Ҳусанова калтак зарбидан хушсиз бўлиб қолганидан кейин олтин тақинчоқларни олиб, уйдан чиқиб кетишган.
Тошкентлик ҳуқуқшунос Умид Давлетовга кўра¸ Ўзбекистон қонунчилигида “самосуд” жинояти назарда тутилмаган. "Қонунчиликда “самосуд” жинояти айнан малакаланмаган. Агар бирор киши бошқа кишига жазо қўлласа бу босқичма- босқич малакаланади. Тан жароҳати етказиш¸ босқинчилик ва ҳоказо", деди ҳуқуқшунос.