Ссылки доступа

Алишер Усмонов Нурсултон Назарбоевдан Дўстлик орденини олди


Қозоғистон президенти келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновни 1 даражали «Достық» («Дўстлик») ордени билан мукофотлади.

«Қозоғистон Республикаси мустақиллик куни муносабати билан президент Нурсултон Назарбоев фармонига биноан таниқли россиялик тадбиркор, USM Holdings компанияси таъсисчиси ва меценат Алишер Усмонов биринчи даражали “Достық” ордени билан мукофотланди», – дейилади Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, бу мукофот билан Усмонов «давлат ва жамоатчилик фаолияти, мамлакатлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун» тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Усмоновни III даражали «За заслуги перед Отечеством» (“Ватан олдидаги хизматлари учун”)ордени билан, унинг рафиқаси, бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоасининг бош тренери Ирина Винер-Усмоновани II-даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлаган эди.

Шу йилнинг август ойи охирларида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Усмоновга «Эл-юрт ҳурмати» орденини топширди.

XS
SM
MD
LG