Ссылки доступа

Жаҳонгир Позилжоновнинг президент мадҳ қилинган қўшиғи “Ўзбекконцерт” тасдиғидан ўтмаган (видео)


Uzbekistan - My president clip
Uzbekistan - My president clip

Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжоновнинг ZO’R-TV телеканали орқали 19 декабрдан бери намойиш қилинаëтган президент Мирзиëев мадҳ қилинган қўшиғи “Ўзбекконцерт” бадиий кенгаши тарафидан расмий рухсат олмаган.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мавлуда Асқархўжаева Жаҳонгир Позилжоновнинг “Менинг Президентим билан селфи” деган қўшиғининг ZO’R-TVда тегишли идоралар рухсатисиз намойиш қилинаëтганини билдирди.

Жорий қоидага кўра¸ Ўзбекистон ҳудудида ижро қилинадиган ҳар бир қўшиқ ëки мусиқий композиция “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бадиий кенгаши томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Ўзбекистон Бастакорлар ушмаси раиси Рустам Абдуллаевга кўра¸ бадиий кенгашдан изн олмаган қўшиқ¸ клип ëки мусиқий композицияларни омма олдида ëки эфирда ижро қилиш мумкин эмас.

“Божалар” гуруҳи хонандаси Жаҳонгир Позилжонов томонидан куйланган “Менинг Президентим билан селфи” деб номланган клип икки ўғил ва икки қизини ëнига олган қўшиқчи чорлови билан бошланади.

Клипнинг бошидан то охиригача¸ шоу бизнес вакилларининг президент портрети олдида тинимсиз селфига тушаётгани тасвирланган.

Қўшиқ матнини ким ëзгани номаълум. Қофия¸ вазн каби шеър қоидаларидан мосуво бўлган матнда “Ҳар куни эринмай, халқ ичида юрган президентим билан селфи” деган сўзлар такрорланади.

Ижтимоий тармоқдаги аксарият блоггер ва юзерлар мадҳия қўшиқни салбий қаршилади.

«Немислар «Менинг фюрерим!» дея¸ ёки руслар «Доҳий Сталин!» дея куйлашганида, миллионлар қонини тўккан шахсга сиғинишган. Позилжонов қўшиғида бор-йўғи курсига сиғинаяпти. Ўзбекистондаги президент курсиси ҳам мустабидлар ўтирадиган шундай фетишга айланган»¸ деб ëзди Facebook фойдаланувчиларидан яна бири.

2017 йилнинг 3 июнь куни бошқа бир хонанда - Дилфуза Исмоилованинг “Султонимиз омон бўлсин!” дея Мирзиёевга бағишлаган қўшиғи президент девони (бугунги кунда администрацияси -таҳр.) томонидан тақиқланган эди.

Исмоилованинг бу клипи телевидение орқали намойиш этилмаган, интернет тармоғидан ҳам ўчириб юборилган эди.

«Менинг президентим» деган қўшиғи эфирга берилаëтган «Божалар» гуруҳи солисти Позилжонов президент Каримов ўлгани ҳақидаги хабар тарқалган 29 август куни «Додамиз ўлмаган!» дея селфи тарқатган эди.

XS
SM
MD
LG