Ссылки доступа

Марказий банк солиқ бўйича қарзларни пластик картадан сўзсиз ундириш лойиҳасига қарши чиқди


Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси муаллифи бўлган қарор лойиҳаси “қарздор жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи банк пластик карталаридан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда сўзсиз ундириб олиниши”ни кўзда тутади.

Солиқ қарзи бор ўзбекистонликлар¸ бу лойиҳа тасдиқланган тақдирда¸ ўз пластик картасидан 368 минг сўмга қадар (2018 йилда энг кам ойлик иш ҳақи 184 300 сўм қилиб белгиланган – таҳр.) пул ечиб олинганини картасига боғланган телефонига юборилган SMS хабаридангина билиб олади.

Бу қарорга қўл қўйиши керак бўлган иккинчи давлат идораси – Марказий банк 19 декабрь куни эълон қилган расмий баëнотида¸ лойиҳанинг банк сири ҳақидаги халқаро қонунчилик¸ қолаверса¸ Ўзбекистон Фуқаролик кодекси нормаларига зид эканини билдирди ва унга қарши чиқди.

Марказий банк мулозимига кўра¸ бу ҳужжатни тайëрлаш жараëнида банк позицияси мутлақ инобатга олинмаган. “Бизга мана шу лойиҳани ëздик¸ кўриб чиқинглар¸ дейишди. Биз унга моҳиятан қарши чиқдик. Бирор давлатда одамларнинг банк ҳисобидаги пулига суд қарорисиз тегиб бўлмаслигини айтдик. Бу эътирозни инобатга олишмади. Биз қаршилик билдирган ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига ўзгаришсиз қўйилди. Шундан сўнг банк ўз эътирозини жамоатчиликка очиқ бир шаклда билдиришга мажбур бўлдик”¸ деди ички жараëнларни очиқлашга ваколати йўқлигидан шахси очиқланмаслигини сўраган банк мулозими.

2 январга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида жамоатчилик фикр билдириши учун тақдим этилган ҳужжат лойиҳаси остида 20 декабрга қадар қолдирилган фикрлар асосан¸ салбий.

Танқидчилар¸ Бош прокуратура томонидан ҳозирланган бу фармоннинг ҳам халқаро¸ ҳам маҳаллий қонунчиликка зид эканини таъкидлаб келади.

XS
SM
MD
LG