Ссылки доступа

Хўжанддаги колонияда юз берган исён иштирокчилари қаттиқ жазоланди


Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колонияда ноябрь ойида юз берган исёнда иштирок этган 20дан ортиқ маҳкум уч ойдан олти ойгача карцерда бўлади. Бу ҳақда жазони ижро этиш муассасидаги тартибсизликларни тергов қилиш ишидан хабардор манба маълум қилди.

«Карцерга ўтказилганларнинг кўпчилиги, бир вақтлар «Ислом Давлати» (ИД) гуруҳининг жангариларибўлган. Одатда айб қилган маҳбуслар карцерда уч кунгача бўларди. Бироқ колония раҳбарияти исёнда иштирок этганларни қаттиқ жазолашга қарор қилди. Улар карцерда уч ойдан олти ойгача бўлишади. Улар орасида қочишга мойил маҳкумлар ҳам бор»,- дейди манба.

Радио Озоди мухбири суҳбатлашишга муваффақ бўлган собиқ маҳбусларнинг сўзларига қараганда, карцер – бу кичик ҳажмдаги қоронғу хона бўлиб, маҳкумлар бу ерда якка ўзлари бўлишади. «Бу хонада қамоқхонанинг бошқа камерадаги маҳбусларга нисбатан қаттиқ режим жорий қилинган. Гуноҳ қилганларга қишда тўшак ва юпқа кўрпа берилади. Шунда ҳам тунда беришади», - дейди суҳбатдошлардан бири. Унинг айтишича, одатга кўра карцерга режимни бузганлар, мунтазам равишда мажоро ва жанжал чиқарадиганлар, алкоголь ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи ва тарқатувчилар жойлаштирилади. «Қўриқчи ёки раҳбариятга бўйсинмаслик ёки ҳурматсизлик ҳам жазо учун сабаб бўлади», -дейди суҳбатдош.

Хўжанддаги колониянинг собиқ маҳбусларидан бирининг тан олиб айтишича, қўриқчилар ТР Жиноят Кодексининг401 (ёлланиш) моддаси бўйича ҳукм қилинганларни «хукуматга қарши бўлганлар» дея кўради ва улардан нафратланади.

Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колонияда юз берган исёнда иштирок этган ўнлаб маҳбусларга нисбатан ўтган ой охирларида янги жиноий ишлар очилди.

«Улар қотилликда, оғир тан жароҳати етказишда, хукумат кучларига қаршилик кўрсатишда ва жазони ижро этиш муассасидаги сақлаш режимини бузганликда айбланмоқда. Аммо улар исённи келтириб чиқарганлар эмас, фақат колониядаги тартибсизликларда иштирок этишган, холос»,- дея маълум қилди вазият билан хабардор манба. Унинг сўзларига қараганда, уларнинг ҳаммасига ТР Жиноят Кодексининг 332 –«Озодликдан маҳрум этиш жойидаги ишларни тартибдан чиқарувчи ҳаракат қилиш» моддаси бўйича айб қўйилди.

Манбанинг айтишича, ҳозирда атиги бир нафар айбланувчининг исми шарифи маълум – у Муҳаммад Юнусовдир. «Юнусовга нисбатан, менга маълум бўлишича, Жиноят Кодексининг 11 та моддаси бўйича айб қўйилган», - дейди суҳбатдош.

Тожикистон хукуматининг таъкидлашича, исённи бостириш чоғида фақат террорчи ва ўта хавфли жиноятчилар ўлдирилган. Бироқ бошқа манбалар 8 ноябрга ўтар кечаси юз берган исён вақтида камида 50 нафар махбус ўлдирилганини айтишади. Жазони ижро этиш муассасида юз берган тартибсизликлар туфайли колониянинг 7 нафар ходими ҳибсга олинди – улар орасида қамоқхона бошлиғи Файзулло Сафарзода ва режим бўлими бошлиғи Фарҳод Садиров ҳам бор.

XS
SM
MD
LG