Ссылки доступа

Москвани норози қилган Забелинская Ўзбекистонга иккинчи олтин медални олиб келди


Олимпия ўйинларининг уч маротаба ғолиби бўлган велоспортчи Ольга Забелинская Швейцарияда ўтган Track Cycling Challenge мусобақасида олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олипия қўмитаси маълум қилди.

Ольга Забелинская гуруҳ пойгаларида 48 очко олиб, барча рақибларидан яхши натижа кўрсатди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Лидия Бойлан (46 очко, Ирландия) ва Елена Чеккини (44 очко, Италия) га насиб қилди.

Ушбу халқаро турнир спортчиларга Токио 2020 Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини тақдим этади.

Забелинская кузда Францияда ўтказилган «Chrono des Nations» халқаро мусобақасида иштирок этиб, Ўзбекистон терма жамоасига дастлабки олтин медалини тақдим этганди.

Жорий йил 6 августда Россия Велосипед спорти федерацияси Ольга Забелинская Россия спорт фуқаролигидан воз кечиб, Ўзбекистон спорт фуқаролигини қабул қилганидан норозилик билдирган эди. “Р-Спорт” агентлигининг ёзишича, Забелинскаяга 5 июлда Ўзбекистон фуқароси паспорти берилган.

Ўшанда Россия томони Забелинскаяга Ўзбекистон байроғи остида мусобақаларда иштирок этишга рухсат берилмаслиги, бу ишни у 3 йиллик “карантин”дан сўнг амалга ошириши мумкинлиги айтилган.

Бироқ шунга қарамай, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Забелинскаяни терма жамоа таркибида Жакартада ўтган Осиё ўйинларига жўнатган. Бироқ Россиянинг норозилиги туфайли у Осиё олимпия қўмитаси томонидан мусобақалардан четлатилганди.

38 ёшли спортчи 2012 йилда ўтган Олимпиада ўйинларида иккита бронза медални, 2016 йилдаги Олимпиадада эса кумуш медални қўлга киритган.

XS
SM
MD
LG