Ссылки доступа

Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали юклар транзитини соддалаштирди


Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали юклар транзити қоидаларини соддалаштирди. Давлат оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, юк машиналари мамлакатдан чиқиб кетиши керак бўлган муддат кириб келган кундан бошлаб 5 кунгача(илгари 3 кундан кўп эмас эди) узайтирилди.

Қандайдир сабаблар туфайли Ўзбекистон ҳудудида ушланиб қолган ҳайдовчилар ҳар бир “ортиқча” кун учун 70 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши керак.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб чет эллик ташувчиларнинг транзит ҳаракатланиши учун 47 та янги йўналиш очилди. Уларнинг энг кўпи Тожикистон (18 та йўналиш) ва Туркманистон билан чегара(12 та йўналиш)дан кириш ҳудудларига тўғри келади.

Тожикистондан Россиянинг Барнуал шаҳрига мева ташийдиган юк машинаси(фура) ҳайдовчиси Мурод Ҳасановнинг айтишича, бир неча йил олдин машинаси бузилиб қолгани учун Ўзбекистонда қарийб бир ҳафта қолиб кетган. “Қозоғистон чегарасида ўзбекистонлик чегарачилар менга деярли 300 АҚШ доллари миқдорида жарима солган эди”, - дейди у.

Эслатиб ўтамиз, қарийб бир йил олдин Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали темир йўл юклари транзити учун Тожикистонга 30 фоиздан 50 фоизгача бўлган чегирмаларни тақдим этганди. Тожикистон транспорт вазирлигининг хабар беришича, Келес-Қудуқли ва Хўжадавлат-Қудуқли йўналиши бўйлаб юк транзитига 40 фоизлик чегирма берилган. Қорақалпоғистон – Қудуқли темир йўл йўналиши бўйлаб нефть маҳсулотларини ташишга 30 фоизлик чегирма, худди шу йўналишда бошқа товарлар транзити учун эса 50 фоизлик чегирма белгиланган, дейилади ТР Транспорт вазирлиги хабарида.

Бундан олдин, 2017 йил август ойида Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали темир йўл бўйлаб юк транзити учун Тожикистонга 40 фоизлик чегирма берганди. “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси юк оқимини мониторинг қилганидан сўнг тожикистонлик ҳамкасблари учун тарифларни сезиларли даражада пасайтиришга қарор қилганди.

XS
SM
MD
LG