Ссылки доступа

Қирғизистон президенти: Конституцияни ўзгартишга ҳожат йўқ


Қирғизистон Конституциясига ўзгартиш киритилмайди. Бу ҳақда Жўқорғу Кенешнинг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда президент Сооронбай Жээнбеков баёнот берди.

Давлат раҳбари Қирғизистон парламент демократияси йўлини танлаганини таъкидлар экан, барча мураккаб муаммолар парламентда муҳокама қилинишини, мухолифат ва фуқаролик жамиятининг овози Жўқорғу Кенеш орқали етказилишини қайд қилиб ўтди.

«Парламент шаънига тандқидлар билдирилмоқда. Бу одатий кўриниш. Конституцияга ўзгартиш киритиш, сайлов қонунчилигига қўшимчалар киритиш, қурултой институтини жорий қилиш бўйича таклифлар берилмоқда. Конституция 25 йилда 10 марта ўзгартирилди. Унга 2020 йилгача ўзгартиш киритилмаслик борасида овоз берилган эди, аммо шунга қарамай 2016 йилда унга яна ўзгартиш киритилди. Шу сабабли халқ хоҳиш-иродасини эътиборга олган ҳолда Конституцияга 2020 йилга қадар ўзгартиш киритишга ҳожат йўқ дея ҳисоблайман. Асосий гап Конституцияда ҳам эмас, балки қонунларни ҳурмат қилишда. Ҳозир олдимизда иқтисодий тараққиёт, корррупцияга қарши кураш каби долзарб масалалар турибди», -дея баёнот берди Жээнбеков.

Бишкекда Қирғизистон парламентининг 80 йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда. «Ала-Арча» давлат қароргоҳида ташкил қилинган тадбирда президент Сооронбай Жээнбеков бошчилигидаги давлат раҳбарлари, амалдаги ва аввалги чақириқдаги Жўқорғу Кенешнинг депутатлари иштирок этмоқда.

XS
SM
MD
LG