Ссылки доступа

Туркманистон президенти яна, бу гал немис тилида куйлади (видео)


Туркманистон президенти набираси билан ўзи ёзган қўшиқни, бу гал уч тилда куйлади.

Туркманистон расмий матбуотининг хабар қилишича, пойтахтдаги «Мизан» марказида Янги йилга бағишлаб 21 декабрь куни ўтказилган тадбирда президент Гурбангули Бердимуҳамедов набираси Керимгули билан "Орзу" («Arzuw») қўшиғини куйлаган.

Қўшиқ матни президент Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан ёзилган бўлиб, куйни давлат раҳбарининг набираси Керимгули Бердимуҳамедов басталаган, дея хабар берди давлат матбуоти.

"Замонавий услуби ва аранжировкаси билан ажралиб турадиган қўшиқ уч тилда – туркман, инглиз ва немис тилида ижро этилди. Қўшиқ ўзининг гўзал мусиқаси, самимий сатрлари билан барча тингловчиларнинг қалбига чуқур кириб борди, давомли қарсаклар тингловчиларда катта таассурот қолдирганидан далолат беради", - дея хабар берди расмий "Туркменистан Золотой Век" («Туркманистон Олтин Аср») нашри.

Туркманистон президентининг мусиқали чиқиши хукумат, парламент аъзолари, ҳарбий ва ҳуқуқ тартибот идоралари, вазирлик ва муассасалар, жамоат ташкилотлари вакиллари, Туркманистоннинг чет элдаги элчилари ва хорижий мамлакатлар дипломатлари, шунингдек маданият ва санъат арбоблари иштирокида бўлиб ўтди.

Шу йилнинг баҳор ойида «Қорақум» деб номланмиш совет хити президент Бердимуҳамедов ижросида «янги талқинга сазовор» бўлди ҳамда ахборот нашрлари назарига тушди ва ижтимоий тармоқларда қизиқиш уйғотди. Бундан аввал, 2015 йилнинг ноябрь ойида президент Бердимуҳамедов томонидан ёзилган ва ижро этилган «Олға, олға, фақат олға, она ўлкам Туркманистон!» деб номланган қўшиқ тўрт мингдан ортиқ киши жўр бўлгани учун Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган эди.

XS
SM
MD
LG