ИД гуруҳи айни дамда мамлакат шимоли ва шимолий-шарқида янги амалиёт базаларини ташкил қилмоқда, дея 23 декабрь куни баёнот берди Афғонистон Мудофаа вазирлигининг 209-дивизияси қўмондони генерал Алимуҳаммад Аҳмадзай.
«Шу кунларда Бадахшон, Фарёб ва Жузжон вилоятларида ИД жангариларининг тўпланаётгани кузатилмоқда», -деди генерал. Ҳарбий генералнинг сўзларига қараганда, Афғонистон ҳукумат кучлари халқаро коалиция билан ҳамкорликда мамлакат шимолида жангариларга қарши бир неча бор ҳаво амалиётини ўтказган, аммо уларни йўқ қилишнинг имкони бўлмади.
«Бизнинг махсус хизматлар Бадахшон, Тахор, Жузжон ва Фарёб вилоятларининг айрим туманларида «Ислом Давлати»нинг жангарилари хорижлик «маслаҳатчилар» ва ҳарбий инструкторлар раҳбарлигида таълим олаётганини аниқлашди»,- дея таъкидлади генерал Алимуҳаммад Аҳмадзай.
Бундан аввал Афғонистон ИИВ ҳукумат ва халқаро коалиция кучлари томонидан мамлакат шимолида ўтказилган амалиёт мобайнида ИД кучсизлангани ва бутунлай йўқ қилиниши арафасида эканлиги ҳақида маълум қилган эди. Афғонистон экспертларининг сўзларига қараганда, сўнгги ойларда ИД жангарилари тактикасини ўзгартирган ва афғон ҳарбийлари билан очиқ жангга ўтишга уринмаяпти.
Яқинда Владимир Путин баёнот бериб, Афғонистондаги вазият барқарорлашмагунга қадар Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини мустаҳкамлашини айтган эди.