Ссылки доступа

Қирғизистон молия разведкаси банклардан мижозларнинг ҳисоблари тўғрисида маълумот берилишини талаб қилмоқда (видео)


Қирғизистон Молия разведкаси давлат хизмати тижорат банкларидан барча омонатчиларнинг ҳисоб ва ячейкалари тўғрисида маълумот беришни талаб қилмоқда. Бу борадаги тегишли сўровнома (ўта муҳим грифли мактуб) тижорат банкларига юборилди.

Бу сўровнома Тармоқда пайдо бўлди ва ҳам банклар, ҳам мижозлар томонидан қизғин эътирозларга сабаб бўлди. Молиявий разведка томонидан сўровнома юборилишидан аввал Миллий хавфсизлик Давлат қўмитаси томонидан Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Дуйшенбек Зилалиевнинг "Оптима Банк"даги банк ячейкасидан пуллар олинаётгани акс этган видеонинг эълон қилиниши ҳам вазиятни кескинлаштириб юборди.

Кейинчалик банк намойиш этилган видео бир йил муқаддам Зилалиевнинг ячейкани ижарага олиш муддати тугагани боис суратга олинганини ва мижознинг ўзига тақдим қилинганини (бу ҳақдаги маълумот махсус хизматлар томонидан тасдиқланди) маълум қилди. Бироқ амалдорнинг банк ячейкасининг бузилиши банк ва Қирғизистон банк тизимига бўлган ишончни сусайтирди.

Экспертларнинг фикрича, давлат идорасининг сўрови банк сири тўғрисидаги қонунга зид келади. Қонунга кўра, молиявий муассаса қонуний асос бўлмаган тақдирда ўз мижозларининг омонатлари, банк амалиётларини ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмас.

"Қонунга кўра, Молиявий разведканинг асосий вазифаси экстремизм ҳаракатларидан огоҳлантиришдир. Агар муассаса шубҳали амалиёт ёки шубҳали шахслар бўйича сўровнома юборадиган бўлса, у ҳолда банклар бу каби маълумот беришни рад қилмаган, – дейди Қирғизистон Банклар Иттифоқи раҳбари Анвар Абдраев. – Аммо сўровнома шахсийлаштирилган бўлиши керак. Агар сўровнома ҳисоблари бўлган барча фуқароларга тааллуқли бўлса у ҳолда– уни абсурд дейиш керак. Демак молиявий разведка назарига барча шахслар тушар экан-да".

Қирғизистонда 20 дан ортиқ тижорат банклари фаолият юритади. Улар президент ва Молиявий разведка хизматига мактуб йўллаб, юборилган сўровнома қонунга зид эканлигини билдиришди. Худди шу каби мавқени Қирғизистон Миллий банки ҳам эълон қилди. Миллий Банк банк сири сақланиши муҳимлигини таъкидлади: банк сири сақланмас экан, Қирғизистонда банк тизимига бўлган ишончга дарз кетади. Бу ўз навбатида банклардан депозитларнинг олиб чиқилишига сабаб бўлади, ҳам депозит, ҳам кредит фоиз ставкалари ошиб кетади ҳамда Қирғизистоннинг инвестиция жозибадорлиги пасаяди.

Молиявий разведка хизмати баёнот бериб, омонатчиларнинг ҳисоблари ва ячейкалари тўғрисидаги маълумотлар электрон реестр (№ 87 Қонуннинг 5 бўлимига асосан) тузиш учун зарурлигини айтишди, реестр эса гўёки маълумотнома характерига эга бўлади ва "мижознинг пул маблағлари миқдори, амалиётлари ва олди-сотиси ҳақидаги маълумотларни акс эттирмайди".

XS
SM
MD
LG