Ссылки доступа

Ўзбекистонда моддий - маданий мерос ҳисобланувчи 259 объектга жиддий зарар етказилган


Ўзбекистонда моддий - маданий мерос объектларига ноқонуний эгалик қилиш, фойдаланиш ҳамда уларга зарар етказиш ҳолатларига чек қўйилмаяпти. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтган муҳокама чоғида маълум қилинди.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг билдиришича, маданият вазири Б.Сайфуллаевнинг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг ижроси ҳақида»ги ахборотига оид парламент тинглови ўтказилди.

Депутатларга тақдим этилган ҳужжатларда айтилишича, моддий - маданий мерос сифатида рўйхатдан ўтказилган 259 та объектга жиддий зарар етказилгани аниқланган.

Масалан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги XVII асрга мансуб «Сайид Оталиқ» мадрасаси ижарага берилган бўлиб, ҳозирда мадраса хоналаридан омборхона сифатида фойдаланилмоқда.

Моддий маданий мерос объектларининг атиги 2608 тасининг (34,14 %) кадастр ҳужжатлари мавжуд, 2232 тасига (29,5 %) муҳофаза белгилари ўрнатилган, холос. Обидаларнинг аксарияти таъмирталаб аҳволга келиб қолган, уларнинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш талаб даражасида эмас.

“Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза ҳудудларида талаб ва меъёрларга зид равишда қурилиш ишларини олиб бориш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Аксарият жойларда ўз касбининг эгалари – археолог, меъмор, санъатшунослар ишламаяпти, моддий маданий ва археология мероси объектларининг ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ишлари якунланмаган. Бундай объектларни ижарага бериш тизими такомиллаштирилмаган”, дейилади хабарда.

Тингловдан сўнг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бу борадаги махсус қарори қабул қилинди.

XS
SM
MD
LG