Ссылки доступа

Қозоғистон Ахборот вазирлиги мониторинг тизимининг ҳужжатланишининг “ошкор бўлишини ўрганмоқда”


Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги ижтимоий тармоқлар мониторинг тизими ҳужжатларининг эҳтимолий ошкор бўлиши юзасидан тергов олиб борилаётганини маълум қилди.

Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги томонидан бугун тарқатилган баёнотда, муассаса 2017 йилдан бери “Миллий ахборот бўшлиғини автоматлаштирилган мониторинг” ахборот тизими лойиҳаси устида иш олиб бораётганини, кўзланган мақсад “ОАВда ноқонуний материалларни аниқлаш жараёнини осонлаштириш” экани таъкидланади.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, тизим терроризм, суицид (ўз жонига қасд қилиш) тарғиботини аниқлашдан ташқари, давлат яхлитлигини бузиш ва “бошқа иллатлар”ни фош қилиши керак.

Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазирлигининг таъкидлашича, бу каби тизимни яратиш мақсадида Қозоғистон “Квант” илмий тадқиқот лабораторияси” компанияси билан шартнома тузган. Йил бошида Қозоғистон ахборот ва коммуникациялар вазирлиги мазкур тизимни яратиш мақсадида республика бюджетидан 1,7 миллиард тенге (беш миллион доллар) ажратилганини маълум қилди.

Вазирликнинг баёноти Digital Revolution гуруҳининг хакерлари Россия ФХХга тегишли «Квант» илмий-тадқиқот институтининг серверини бузганликлари борасида маълум қилганидан сўнг берилди. Эълон қилинган ҳужжатда ижтимоий тармоқлардаги асосий мақсади норозилик кайфиятларини фош қилиш ва таҳлил қилиш бўлган — мониторинг тизимининг ишлаши баён қилинади. Digital Revolutionнинг таъкидлашича, бу тизимни «Квант» субпудратчи сифатида Қозоғистонга татбиқ этган. BBCнинг Рус хизмати тарқатган хабарга кўра, Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги бунинг учун 4,3 миллион доллар ажратган. Ҳужжатда таъкидланишича, тизим янгиликлар сайтлари, блог ва форумлардаги маълумотларни тўплаш имкониятига эга. Файлда Қозоғистондаги ўнлаб янгиликлар сайтларининг манзиллари келтирилган.

2018 йилда АҚШ «Квант»га нисбатан санкция жорий қилди. Мамлакат расмийларининг фикрича, ИТИ президентлик сайловлари арафасида хакерлик ҳужумларига алоқаси бўлган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG