Бу ҳақда «Азаттиқ» (“Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати)га ҚР маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқулов маълум қилди.
«Шу кунга қадар лойиҳага расман старт берилгани эълон қилинмаган. Расман ишга туширилганидан кейин, биз дастурга қўшилишимиз борасида мактуб юборамиз», -деди вазир.
Расмий Тошкент ва Остона ўртасида эришилган янги лойиҳага кўра, хорижий сайёҳлар бу мамлакатлардан бирининг визаси билан ҳар икки мамлакатга ташриф буюриш имкониятига эга бўладилар.
Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимхўжаевнинг 20 декабрь куни журналистларга айтишича, мазкур лойиҳа туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган.
Марказий “Осиёда ипак йўли” визасини жорий қилиш ташаббуси идк бор 2018 йилнинг июнида илгари сурилган эди. Бу лойиҳага жалб қилиш борасида Туркия ва Озарбайжон билан музокаралар олиб борилаётгани айтилмоқда.