Ссылки доступа

Прокурор Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганларга максимум қамоқ жазоси сўради


Швеция пойтахти Стокҳольм шаҳар судида Telia ширкатининг собиқ уч раҳбари сутидан тўрт ой давом этган шов-шувли маҳкама жараëнининг 19 декабрь кунги сўнгги эшитувида прокурорлар айбланувчиларга швед қонунчилигида коррупция учун белгиланган энг оғир жазо берилишини сўради.

19 декабрь куни қарийб 4 ой давом этган маҳкама эшитувлари якунига етди.

2018 йилнинг 4 сентябрь куни бошланган мазкур маҳкамада Скандинавиядаги энг йирик Telia (эски номи TeliaSonera) телеком ширкати собиқ раҳбарларидан уч нафари Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ долларидан кўпроқ пора берганликда айбланди.

2007 йил бошида TeliaSoneraнинг Ўзбекистон телеком бозорига кириш жараëнини бошқарган асосий шахс – ширкатнинг ўшандаги Евроосиë бўйича вице-президенти ва молиявий директори Теро Кивисаари прокурорлар томонида мазкур коррупция схемасидаги асосий шахс деб топилди ва унга 7 йилу 9 ойлик қамоқ жазоси сўралди.

Швеция қонунчилиги коррупция билан боғлиқ жиноятларга 6 ойдан 6 йилгача қамоқ жазоси белгилашни кўзда тутади.

Прокурорлар¸ Кивисаарини коррупциядан бошқа яна бир қатор жиноятларни содир этганликда ҳам айблади.

Кивисаари адвокатлари сўнгги чиқишида ҳам бу айбларни инкор қилди ва 2007 йил – Каримовага пора берилган даврдаги швед қонунчилиги бўйича Кивисаари ҳаракатлари пора бериш деб таснифланмаслигини яна бир бор такрорлади.

Прокурорлар қолган икки судланувчи - ширкатнинг 2007-2013 йиллардаги бош ижрочи директори Ларс Нюберг ва Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туималарга ҳам очиқ мажлисда очиқланмаган қамоқ жазоси сўради.

Бу жазонинг Кивисаарига сўралган кескин жазодан анча кам экани айтилмоқда.

Прокурор таъкидича¸ айнан Кивисаари рухсати билан амалга оширилган коррупция кўлами¸ Скандинавия давлати учун мисли кўрилмаган даражада каттадир.

TeliaSonera Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош ҳуқуқий маслаҳатчи Ули Туима Кивисаарига пора бериш жараëнини легаллаштиришда ëрдам берганлик¸ 2007 йил сўнгида ширкат раҳбари этиб тайинланган Ларс Нюберг эса¸ Ўзбекистонга ноқонуний шартлар асосида кириш жараëнини тўхтатмаганликда айбланди.

Стокҳольм шаҳар судининг ўз ҳукмини 15 февраль куни эълон қилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG