Ссылки доступа

Ўзбекистонда Янги йил байрами арафасида мактабларда туну кун навбатчилик ташкил қилинди


Ўзбекистон мактабларида 10 декабрдан 15 январгача уч сменада кундузги-тунги навбатчилик ташкил қилинди. Ўқитувчиларга кўра, навбатчилик Янги йил кунлари хавфсизликни сақлаш мақсадида йўлга қўйилган.

Халқ таълими вазирлиги мулозими навбатчилик борасида ҳеч қандай топшириқ берилмаганини таъкидлади.

Жиззахлик ўқитувчига кўра, кундузи аёллар кечаси эркаклар навбатчиликка чиқаяпти.

“Билишимча, ҳамма мактабда шу аҳвол. Бизнинг мактабда 10 декабрдан бошланди. Биз эркаклар кечки соат 8дан эрталабки 8гача турамиз, жами 12 соатдан турамиз. Кундузги икки смена 6 соатлик. Кундузи навбатчиликда фақат аёллар туради”, деди жиззахлик ўқитувчи.

Ўқитувчиларга кўра, навбатчиликка чиқиш талаби билан ўқитувчиларга босим ўтказилмоқда.

“Зангиота туманида Районо мудири бошчилигида текшириб юришибди. Тунги навбатчиликка қоровул, қозон ёқувчидан ташқари яна иккитадан ўқитувчи ҳам туриши керак экан. Агар ўқитувчи навбатчиликка чиқмаса, унга ҳайфсан берилиши, ойлиги кесилиши, ишдан олишгача бўлган чоралар кўрилар экан”, дейди зангиоталик ўқитувчи.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси мутлақо текинга навбатчилик қилаётганини айтди.

“Энг қийини эркак ўқитувчиларга. Туни билан навбатчиликда туриб, эртасига эрталаб яна дарсга чиқаяпмиз. Бу мажбурий меҳнатку. Навбатчилигимиз учун бизга бир тийин ҳам пул тўланмайди. Бу мутлақо меҳнат кодексининг бузилиши. Ҳеч ким буни текширмайди”, дейди аноним қолишни истаган хўжайлилик ўқитувчи.

Ўқитувчиларга кўра, уларга навбатчилик тадбири Янги йил байрами муносабати билан ташкил қилингани ва бундан мақсад хавфсизликни таъминлаш экани айтилган.

Узлуксиз навбатчилик тадбири барча вилоятлар мактабларида ташкил қилингани маълум бўлди.

Жиззах тумани халқ таълими бўлимининг расмийси мактабларда уч сменали навбатчилик ташкил қилинганини тасдиқлаб, бу вилоят халқ таълими бошқармаси топшириғи эканини айтди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, мактаблардаги узлуксиз навбатчилик тадбиридан вазирлик мутлақо бехабар.

“Вазирлик мактабларга навбатчилик борасида топшириқ ҳам, буйруқ ҳам бермаган. Агар ўқитувчилар навбатчиликка мажбурланаётган бўлса, вазирликнинг Ишонч телефони -1006 рақамига қўнғироқ қилишсин ёки бу ҳақда ариза билан мурожаат қилишсин. Вазирликда мажбурий меҳнат, пул йиғимларига оид ҳолатларни ўрганиш учун махсус бошқарма ташкил қилинган. Навбатчиликка оид ариза ёки мурожаат тушса, албатта ушбу бошқарма ўрганади ва бартараф қилинади”, - деди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг исмини очиқламаётганимиз ходими.

Мактабларда узлуксиз навбатчилик тадбири марҳум президент Каримов давридан бери давом этиб келаяпти. Мирзиёев даврида ҳам бу тадбир барҳам топгани йўқ.

XS
SM
MD
LG