Ссылки доступа

Тошкентда КГБ зобитининг ўғли кўп миллионлик "Рембрандт асари"га даъвогарлик қилмоқда


Тошкент шаҳар судининг Зафар Нурматов раислигидаги маҳкамаси 25 декабрь куни¸ ўзини "Рембрандт асарининг ҳақиқий эгасиман," деб даъво қилаётган Андрей Плужниковнинг шикоят аризасини кўриб чиқади.

21 ноябрда судья Темур Қосимов раислигида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди чиқарган ҳукмга кўра¸ Рембрандтга нисбат берилган асар чайқовчилигида айбланган Комил Йўлдошев 52 миллион сўм¸ Рафаэль Фузаилов эса 34 миллион сўм жаримага тортилди.

Айни маҳкама "Рембрандтники дея иддао қилинган асарни давлат фойдасига вақтинча мусодара қилиш" ҳақида ажрим чиқарган.

Тошкентлик 50 яшар муҳандис Андрей Плужников "суд мусодара қилган ва Рембрандга оид 15 миллион евро турадиган асар меники эди. Мен ўз ҳақимни 25 декабрь кунги судда ҳимоя қиламан", дея таъкидлади.

Андрей Плужников бу асар 50 йил мобайнида уларнинг оиласида сақланиб келганини айтди.

У "отамерос бу асарнинг ягона эгаси менман," дея даъво қилди:

- Асар 1953 йилдан бошлаб Ўзбекистон Давлат хавфсизлик қўмитасида ишлаган отам тасарруфида эди. Асар отам ўлганидан кейин менга мерос бўлиб ўтди. Мен бу асарни санъат асарлари тижорати билан шуғулланадиган Комил Йўлдошевга 2014 йилда "реализация қилиш учун" бергандим дейди, - суд ишида гувоҳ сифатида иштирок этаётган Андрей Плужников.

Унинг даъво қилишича¸ 2014 йилда "Йўлдошев расм билан бирга горизонтдан ғойиб бўлган":

- Мен фирибгар қурбони бўлганим ҳақида ИИБ ва прокуратурага шикоят қилдим. Жиноят иши очилди. Мен бу жиноят ишида жабрланувчи мақомида эдим¸ аммо ҳозир гувоҳ мақомига ўтказишди¸ - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозимининг айтишича, "Рембрандтнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ягона асари" дея иддао қилинаëтган ғоз пати билан қора тушда чизилган расм вақтинча мусодара қилинган.

Мулозим асарнинг 2018 йил 14 июнь куни Исроилдан учиб келаëтган Рафаэль Фузаилов багажидан чиққанини билдирди. "Мусодара актига Бош прокуратуранинг 18-тергов бошқармаси бошлиғи Мухамеджанов имзо чеккан"¸ - деди у.

Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева сўзларига кўра¸ бу асар Британияда 1744 йилдан бери фаолият олиб бораëтган Sotheby's ким-ошди уйининг Москвадаги бўлими экспертлари тарафидан баҳоланган.

- Ўзбекистон Маданият вазирлигининг бадиий экспертиза кенгаши томонидан таклиф қилинган Sotheby's деган ташкилотнинг эксперти Москвадан келиб асарни муфассал ўрганди. Шу эскпертнинг хулосаси бўйича бу асар 8 миллиондан 15 миллион еврогача дея нархланган¸ - деди матбуот хизмати раҳбари.

Мавлуда Асқархўжаеванинг қўшимча қилишича, бу санъат асари Ўзбекистон мулки ҳисобланади.

Аммо Андрей Плужников "ўзбек расмийлари менга тегишли бўлган асарни давлат ҳисобига мусодара қилиш учун ëлғон гапиришди" дея таъкидлади. "Қоидага кўра, давлат мендан асарни пулга сотиб олиши керак"¸ - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг билдиришича¸ мавжуд иш назоратга олинган.

XS
SM
MD
LG