Ссылки доступа

Олмаотада Денис Теннинг ўлдирилиши иши бўйича суд бошланди


Олмаотадаги жиноий ишлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судида бугун эрталаб фигурали учиш устаси Денис Теннинг ўлдирилиши юзасидан очилган жиноий ишда дастлабки эшитувлар бошланди.

Суд ўриндиғида уч нафар ёш эркак — Арман Қудайбергенов, Нурали Киясов ва Жанар Толибаевалар ўтиришибди. Киясов ва Қудайбергенов “Талончилик” ва “Қотиллик” моддалари бўйича айбланмоқда. Толибаевага эса жиноят ҳақида маълумот бермаслик айби қўйилган. Қудайбергенов ва Толибаевларга шунингдек ўғирлик айби қўйилган.

Эшитувларга келган Денис Теннинг онаси Оксана Тен ўзини суратга ва видеога олишларини тақиқлади. Судланувчилар ҳам суратга олинишга қарши эканликларини айтишди. Судья Кеншилик Абдельдинов уларнинг илтимосларини қаноатлантирди.

Жиноий иш 38 томдан иборат. Бу иш бўйича материаллар суд актлари базасида йўқ. Жиноий иш судга топширилгани ҳақида маҳаллий ахборот воситалари 14 декабрь куни маълум қилди.

2014 йилги Сочида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби Денис Тен 19 июль куни Олмаотадаги шифохонада вафот этди. У пичоқдан олган жароҳатлари туфайли ўша куни мазкур шифохонага олиб келинган эди. Полиция версиясига кўра, Тен автомобил ўғриларининг қурбонига айланган. Теннинг ўлимидан бир кун ўтиб полиция икки нафар гумондор – Киясов ва Қудайбергеновнинг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Мазкур иш бўйича тергов жараёнлари ниҳоясига етгани борасида Қозоғистон ички ишлар вазири Қалмуханбет Қасимов 25 октябрь куни паламент мажлисининг танаффуси вақтида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, эълон қилди.

Денис Теннинг қариндошлари мазкур иш бўйича етарлича маълумотлар йўқлигини айтишган эди.

XS
SM
MD
LG