Ссылки доступа

Бухорода банкирлар уйма-уй юриб солиқдан қарздорликни ëпишга мажбурланмоқда


13 декабрдан бошлаб Бухородаги банк ходимлари уйма-уй юриб, аҳолидан тўланмаган ер ва мулк солиғини ундирмоқда. Айрим банк тизими мулозимлари бу ишнинг вилоят прокуратураси томонидан берилган оғзаки топшириқ асосида қилинаëтганини билдирди.

Ҳозирча Ўзбекистон прокуратураси бу маълумот бўйича изоҳ бермади.

Бухоро вилояти Когон туманидаги "Миллий банк" бўлими ходимларидан бири 13 декабрдан бошлаб ўзи ва ҳамкасбларининг уйма- уй юриб, аҳолидан солиқ ундириш билан шуғулланаëтганини билдирди.

“Эрталаб соат 9 да ишга келамиз. Соат 10 дан 16 гача маҳаллаларга солиқ ундириш учун кетамиз. Мулк ва ер солиғи бўйича қарздорликни териб чиқаяпмиз. Ҳар биримизга иккитадан маҳалла бириктирилган. Ёнимизда маҳалла йиғини раиси ёки ёрдамчиси бўлади. Ҳар куни соат 16 да Марказий банкнинг туманимиздаги вакилига сводний берамиз, қанча пул йиққанимиз ва қанча хонадонга кириб чиққанимиз борасида ҳисобот берамиз. Марказий банк вакили эса сектор раҳбарига яъни прокурорга соат 19 гача кунлик ҳисобот бериши лозим”, дейди ишдан ҳайдалиш хавфи остида исмини ошкор қилмасликни сўраган банк ходими.

Бухоро вилоят Марказий банк мулозими нафақат Когон тумани¸ балки вилоятдаги барча банклар ходимлари солиқ йиғишга жалб қилинганини тасдиқлади¸ бироқ бунинг сабабларини изоҳлашни истамади. Марказий банкнинг Тошкентдаги бош офиси мулозими эса¸ банк бошқарувининг банк ходимларини солиқ йиғишга жалб қилиш жараëнига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

17 декабрь куни муаллифи Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси бўлган солиқ йиғимларига оид қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

2 январь куни муҳокамаси тугайдиган қарор лойиҳаси солиқ қарзларини ундиришни банклар зиммасига юклаш¸ хусусан “қарздор жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини банк пластик карталаридан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда сўзсиз ундириб олиши”ни кўзда тутади.

Марказий банк ушбу қонун лойиҳасига қарши чиқди.

XS
SM
MD
LG