Ссылки доступа

Абдулла Арипов Каримовни ишсизлик ва аёллар муаммоларига эътибор бермаганликда айблади


Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласида собиқ президент Ислом Каримов юритган сиёсатни танқид қилди.

Бу танқид Абдулла Ариповнинг 22 декабрь куни президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференциясида қилган маърузаси пайтида янгради.

У Ўзбекистон ҳукумати хотин-қизлар муаммоларига ҳозирга қадар етарли эътибор қаратмаганини эътироф этди¸ айни пайтда¸ Ислом Каримов номини тилга олгани йўқ.

Айни пайтда¸ унинг "дангасалар" иборасини тилга олгани Каримов сиёсатига очиқча эътироз билдириш сифатида қабул қилинмоқда.

- Ишлаш учун бошқа давлатга кетиши нима учун? Чунки биз шу ерда шароит қилиб беролмаганмиз. Имкон қилиб берилмаган. Топган гапимиз шу бўлди "чет элга ишлашга кетган одам дангаса" эмиш. У ҳолда, дангаса бўлмаган одамга мана шу ерда иш таклиф қил. Кейин - бу бошқа гап, - дейди Абдулла Арипов жумладан.

2013 йил июнида марҳум президент Ислом Каримов Жиззах вилоятига сафари чоғида меҳнат муҳожирларини "дангасалар" деб атаган эди.

Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳукумат ҳар йили 1 миллиондан иш ўринлари яратилгани ҳақида ҳисобот бериб келди.​

Аммо, Абдулла Ариповга кўра, Каримов даврида ишсизликка кураш эълон қилган "айрим молиячилар битта штат ўринни уч-тўрттага бўлиб ташлаган”.

- Тўртта, саккизтага бўлиб, 10 минг, 20 мингдан ойлик тўлаб, рўйхатда 8 та иш жойи ташкил этилди. Қоғозда ҳаммаси. Бунақа бўлиши керак эмас. Аёлларга иш ўрни яратиб беришда, у манзилли бўлиши керак, - деб қўшимча қилди Абдулла Арипов.

У ҳар йили 350 минг нафарга яқин хотин-қизлар меҳнат бозорига кириб келаётганини билдирди:

- Бу эса бандлик дастурлари орқали хотин-қизлар учун мўлжалланган иш жойларини кўпайтиришни талаб этади. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминламас эканмиз¸ биз уларнинг муаммоларини тўлалигича ҳал эта олмаймиз, - деди 22 декабрь кунги йиғилишда Абдулла Арипов.

XS
SM
MD
LG