Ссылки доступа

Душанбе: Россиядаги 345 минг тожик мигрантларининг тақдири номаълумлигича қолмоқда


Махмадсаид Убайдуллоев

Россиядаги 345 минг тожик мигрантларининг тақдири номаълумлигича қолмоқда, дея баёнот берди Тожикистон парламентининг юқори палатаси – Мажлиси Миллий спикери Маҳмадсаид Убайдуллоев.

Уларнинг ҳаммаси қонунга зид равишда Россида яшайди – улар афв қилинмаган ва депортация ҳам қилинмаган, деди спикер 25 декабрь куни палата мажлисида. Шу билан бирга Убайдуллоев мазкур мигрантларнинг кўпчилиги Россия фуқаролигини олган бўлиши эҳтимоли борлигини ва бу борада улар Тожикистон ҳукуматини хабардор қилмаган бўлишлари мумкинлигини ҳам айтди.

Душанбенинг фикрича, ноқонуний мигрантлар депортация қилинишларидан хавфсираб Россияда бўлишларини расмийлаштиришга шошилмаяптилар. Расмий маълумотларга таянган Маҳмадсаид Убайдуллоевнинг маълум қилишича, шу йилнинг сентябрь ойи ҳолатига кўра, Тожикистоннинг 226 минг фуқаросига РФга кириш тақиқланган. «Россия Давлат думасида мазкур ватандошларимизни афв қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда»,- деди Мажлиси Милли спикери.

Миграция бўйича таҳлилчи Раҳмон Ўлмасовнинг фикрича, кўплаб тожикистонликлар ноқонуний мигрантлар армияси сафини тўлдирмоқда. Унинг сўзларига кўра, Россияда патент нархи жуда ҳам юқори ва шу сабабли ҳам кўпчилик ноқонуний ишлашни афзал кўришади. «Кўплаб мигрантларда патентга эгалик қилиш учун пул йўқ», -дейди таҳлилчи.

Эслатиб ўтамиз, Россияда меҳнат мигрантлари учун патент нархи янги йилдан оширилади. Масалан, Москвада бир ойлик патент нархи 5 минг рублни ташкил қилади.

Расмий маълумотларга қараганда, Россияда Тожикистоннинг бир миллиондан ортиқроқ фуқароси меҳнат миграциясида юрибди. РФ Марказий банки йил бошида баёнот бериб, 2017 йил якунларига кўра, Россиядан Тожикистонга пул ўтказмалари 2016 йилга нисбатан $600 млн.га ошганини, ҳамда $2 млрд. 536 млн.ни ташкил қилишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG