Ссылки доступа

Туркманистонда миллий ижтимоий тармоқ ишга тушди


«Биз бярде» («Биз бу ерда», ёки қисқартмаси «Би-Би») деб номланган расмий илк туркман ижтимоий тармоғи ишга тушгани ҳақида, ярим расмий “Ориент” Медиа-Туркман ахборот агентлигининг сайти маълум қилди.

Нашрнинг маълум қилишича, сайт ва илова тақдимоти ёш мусиқачиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган концерт дастури доирасида 23 декабрь куни “Туркманистон” концерт залида бўлиб ўтди.

"Биз маҳсулотимиз фойдаланувчиларга ёқиши учун лойиҳа устида узоқ ишладик, биз кўплаб қийинчиликлар билан тўқнаш келдик. «Биз бярде» мукаммал эмас, аммо сифат жиҳатидан Туркманистондаги муқобил тармоқлардан қолишмайди", - деди «Сунгат эсери» бош директори Азиза Бекназарова, унинг сўзларидан "Ориент" нашри иқтибос келтирган.

Хабарда таъкидланишича, иловага 5 мингдан ортиқ фойдаланувчи қўшилган, шундан 3 мингдан кўпроғи доимий равишда фойдаланади.

Шуни таъкидлаш керакки, жаҳонда машҳур бўлган ижтимоий тармоқларга, жумладан Facebook, Twitter, Instagramга туркман фойдаланувчилари кира олмайди. Блокировка шароитларида, фойдаланувчилар прокси серверлардан фойдаланишади. Мамлакатда прокси серверлардан фойдаланувчилар мунтазам равишда интернетга киришдан маҳрум қилинадилар, шунингдек улар ижтимоий тармоқлардан фойдаланганликлари учун хавфсизлик хизмати идораларига “суҳбатга” чақириб туриладилар.

Туркманистонда мобил интернетдан фойдаланиш имкониятлари чекланган. Туркманистон интернет хизмати кўрсатиш бўйича жаҳонда энг сифати паст ва нархи жуда ҳам қиммат мамлакат сифатида тан олинган. Бу мамлакатда мустақил хорижий вебсайтлар, жумладан “Озодлик” радиоси сайти ва YouTube блокланганича қолмоқда.

XS
SM
MD
LG